Ўзбекистонда 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумида табиий газни тақсимлашда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектлари биринчи навбатда таъминланади. Ҳаво ҳарорати кескин пасайган даврда бошқа тоифадаги истеъмолчиларга вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин. Бу Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 октябрдан 2027 йил 31 мартгача аҳоли, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини газ билан барқарор таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади.
Энергетика вазирлиги "Ўзтрансгаз", "Ҳудудгазтаъминот" ва бошқа масъул ташкилотлар билан биргаликда мавжуд газ захиралари ҳамда об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, газ етказиб беришнинг ўн кунлик ва кунлик жадвалларини ишлаб чиқади. Ушбу жадваллар ҳар ойнинг 25-санасига қадар республика комиссиясига тасдиқлаш учун киритилади.
Магистрал газ қувурларида босим пасайиши ёки газ ресурслари ҳажмида кутилмаган ўзгаришлар юз берса, тақсимот қайта кўриб чиқилади. Бунда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини газ билан таъминлаш устуворлиги сақланади.
Шунингдек, ҳудудий ҳокимликлар "Ҳудудгазтаъминот"нинг филиаллари билан биргаликда тасдиқланган жадваллар асосида туман ва шаҳарларда газ тақсимотини ташкил этади.






