Тошкент вилоятида ижтимоий тармоқлар орқали автомобиль эҳтиёт қисмлари ва аксессуарларини сотишни ваъда қилиб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштирганликда гумонланаётган йигит қўлга олинди. Тергов маълумотларига кўра, у 11 та фирибгарлик ҳолатига алоқадор бўлиб, жабрланувчиларга етказилган зарар 10 миллион 645 минг сўмни ташкил этган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Сирдарё вилоятида туғилган, муқаддам судланган 18 ёшли йигит Telegram ва Instagram тармоқларида сохта аккаунтлар очиб, турли канал ва гуруҳларда автозапчасть ҳамда аксессуарлар сотиш ҳақида эълонлар жойлаштирган.
У харидорлардан 300 минг сўмдан 2 миллион сўмгача олдиндан тўлов талаб қилган, пулни олгач эса буюртмаларни етказиб бермаган. Гумонланувчи танишлари номига расмийлаштирилган бир нечта телефон рақамидан фойдаланган.
Жабрланувчилардан бири ҳам Instagram орқали у билан боғланиб, автомобиль эҳтиёт қисмларини харид қилиш учун Telegram орқали юборилган банк картасига 1 миллион 940 минг сўм ўтказган. Бироқ буюртма етказиб берилмаганидан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.






