Тошкент шаҳрининг Миробод туманида кибержиноятчилик билан шуғулланганликда гумонланаётган икки гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Тезкор тадбирлар давомида жами 72 нафар шахс ушланди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, дастлаб Фарғона 1-тор кўчасидаги хонадонда яширин фаолият юритган гуруҳ аниқланган. Улар бинога ойига 9 минг доллар тўлаб, ижарага олган. Ушбу манзилда 52 нафар шахс қўлга олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, гуруҳ Осиё давлатларида оммалашган ноқонуний онлайн қимор ва букмекерлик ўйинлари учун пул маблағларини қабул қилиш, уларни банк карталарига ўтказиш орқали пул ювиш билан шуғулланган.
Хонадондан 110 минг доллар нақд пул, 71 та ноутбук, 278 та телефон ва учта Starlink сунъий йўлдош интернет қурилмаси ашёвий далил сифатида олинган.
Тезкор тадбирлар Кatta Миробод кўчасидаги яна бир манзилда давом эттирилиб, иккинчи яширин колл-марказ ҳам аниқланган. Ушбу бинода ойига 2 минг доллар эвазига ижарага олинган жойда фаолият юритган 20 нафар шахс ушланган.
ИИББ маълумотига кўра, мазкур гуруҳ интернет орқали сохта иш таклифларини бериб, фирибгарлик қилишда гумонланмоқда. Гуруҳ аъзолари ўзларини аёл киши сифатида таништириб, фойдаланувчилар ишончига кирган ва уларнинг пулларини алдов йўли билан қўлга киритган.
Ушбу манзилдан 24 та ноутбук, битта планшет, 52 та телефон ва тўртта Wi-Fi қурилмаси олинган.
Текширув давомида ҳар икки гуруҳда вазифалар ўзаро тақсимлангани, улар таркибида раҳбарлар, иш бошқарувчилар, операторлар ва қўриқчилар бўлгани аниқланган. Шунингдек, гуруҳлар фаолияти билан боғлиқ 576 минг долларлик криптоактивлар айланмаси ҳам фош этилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278⁸-моддаси 2-қисми (криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






