Украина Қуролли кучлари Самара вилоятидаги нефть транспорти инфратузилмасига дронлар орқали ҳужум қилди. Зарба оқибатида нефть сақланадиган бир нечта резервуарда ёнғин чиққан. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужум Россия нефть саноати учун муҳим ҳисобланган станцияга қаратилган. Унга Татаристон, Ғарбий Сибирь ва бошқа нефть қазиб олувчи ҳудудлардан магистраль қувурлар орқали хомашё етказиб берилади. Станцияда турли таркибдаги нефть аралаштирилиб, Россиянинг асосий экспорт маркаларидан бири — Urals тайёрланади.
Украина ҳарбийлари ушбу объектни Россиянинг урушни молиялаштиришда фойдаланиладиган нефть саноати учун муҳим инфратузилма деб атаган.
13 ноябрь куни Самара вилояти губернатори Вячеслав Федоришчев саноат корхонасига берилган зарба оқибатида тўрт киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Бироқ у қайси корхона ҳужумга учраганига аниқлик киритмаган.
Эслатиб ўтамиз, 30 октябрь куни Украина Самара вилоятидаги Новокуйбишевск нефтни қайта ишлаш заводига ҳам дронлар билан ҳужум қилган эди.
Шунингдек, Украина Қуролли кучлари Бош штаби жорий ҳафта Россиянинг Омск, Ленинград, Рязань, Нижний Новгород ва Ярославль вилоятларидаги бешта йирик нефтни қайта ишлаш заводи сўнгги кунларда ҳужумга учраганини билдирган.






