Ўзбекистонда сохта давлат рақамларидан фойдаланган бир қатор ҳайдовчилар аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 5 ноябрь куни “Наманган халқаро аэропорти”да “Москва—Наманган” йўналиши бўйича учиб келган Косонсой туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаронинг юк сумкасидан давлат рўйхатидан ўтказилмаган сохта автомобиль рақамлари топилган.
Шунингдек, тезкор тадбирлар давомида Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида ҳам автомобилларга ўрнатилган сохта давлат рақамлари фош этилган.
Суриштирувда айрим фуқаролар сохта рақамларни хориждан ижтимоий тармоқлар орқали буюртма қилгани, бошқалари эса танишларидан сотиб олганини билдирган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 227¹-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, мамлакат йўлларида ҳуқуқбузарликларни автоматик қайд этувчи 5,5 мингдан ортиқ махсус қурилма ишламоқда. Сохта давлат рақамларини тайёрлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш эса жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.






