Колумбиянинг жануби-ғарбида йўловчи автобуси ағдарилиб кетди. Ҳодиса оқибатида камида 6 киши ҳалок бўлди, яна 11 нафар йўловчи жароҳатланди. Дастлабки тахминларга кўра, ҳайдовчи рулда ухлаб қолган бўлиши мумкин.
«Associated Press» агентлигининг хабар беришича, ЙТҲ 14 ноябрь куни мамлакатнинг Уила департаментидаги Гарсон—Нейва автомобиль йўлида содир бўлган.
Маълум қилинишича, Богота шаҳри томон ҳаракатланаётган автобус Какета департаментидаги Сан-Висенте аҳоли пунктидан йўлга чиққан. Йўлда ҳайдовчи бир неча сонияга ухлаб қолган бўлиши мумкин. Полиция бу ҳолатни автобус ағдарилишига сабаб бўлган эҳтимолий омиллардан бири сифатида кўриб чиқмоқда.
Ҳодиса жойидан тарқалган видеоларда қутқарувчиларнинг жабрланганларга ёрдам кўрсатаётгани, автобус атрофида эса одамларнинг йиғлаётганини кўриш мумкин.
Колумбия полициясининг Йўл ҳаракати ва транспорт бўлими раҳбари, полковник Эдвин Корреа ҳайдовчиларни сафар олдидан етарлича дам олишга чақирган.
Ҳозирча ҳалок бўлганларнинг шахси ошкор этилмаган. Жароҳатланганлар яқин атрофдаги Нейва шаҳридаги шифохоналарга етказилган. Автобус йўлдан олиб ташланганидан сўнг ҳаракат тикланган.
Ҳодисанинг аниқ сабаблари юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






