АсосийДУНЁ

Ҳиндистон Хитой билан чегарада эҳтимолий тўқнашувларга тайёргарликни кучайтирмоқда

2022 йил декабрь ойида эса Ҳиндистоннинг Аруначал-Прадеш штатидаги Таванг ҳудудида икки мамлакат ҳарбийлари ўртасида яна тўқнашув содир бўлган.

'Ҳиндистон Хитой билан чегарада эҳтимолий тўқнашувларга тайёргарликни кучайтирмоқда'ning rasmi

Ҳиндистон Хитой билан баҳсли чегара ҳудудларида юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий тўқнашувларга тайёргарлик кўриш мақсадида махсус бўлинмаларни кучайтирмоқда. Ҳарбийлар тоғли ҳудудларда жанг олиб бориш, дронлар орқали кузатув ўтказиш ва қисқа муддатли тўқнашувларга тезкор жавоб қайтаришга ўргатилмоқда. Бу ҳақда «Nikkei Asia» хабар берди.

Маълум қилинишича, Ҳиндистон чегара полицияси таркибидаги айрим бўлинмалар махсус ҳарбий гуруҳларга айлантирилмоқда. Улар яқин масофадаги жанглар, баланд тоғли ҳудудларда ҳаракатланиш, дронлардан фойдаланиш ҳамда эҳтимолий тўқнашувларга тезкор жавоб бериш бўйича махсус тайёргарликдан ўтмоқда.

2020 йилда Галван водийсида Ҳиндистон ва Хитой ҳарбийлари ўртасида қонли тўқнашув содир бўлганидан кейин Ҳиндистон-Тибет чегара полицияси таркибида «Shaurya» номли махсус бўлинмалар ташкил этилган. Айни вақтда мазкур гуруҳларнинг жанговар тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чегара полицияси раҳбарияти уларнинг фаолиятини ижобий баҳолаган.

Янги бўлинмалар Ҳиндистоннинг Хитой билан баҳсли чегара ҳудудларини ҳимоя қилиш ва эҳтимолий ҳарбий тўқнашувларга тезкор жавоб қайтариш имкониятларини ошириши кутилмоқда.

Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги Ҳимолай тоғлари орқали ўтувчи чегара масаласи ҳанузгача тўлиқ ҳал этилмаган. Икки давлат ҳудудлари 1962 йилги урушдан кейин шаклланган Амалдаги назорат чизиғи (LAC) орқали ажратилган. Бироқ томонлар шарқдаги Аруначал-Прадеш ва ғарбдаги Аксайчин ҳудудлари бўйича бир-бирининг ҳудудий даъволарини тан олмайди.

Ушбу келишмовчиликлар йиллар давомида икки давлат ўртасида бир неча бор ҳарбий тўқнашувларга сабаб бўлган. Хусусан, 2020 йил июнь ойида Галван водийсида юз берган тўқнашувда 20 нафар ҳиндистонлик ҳарбий ҳалок бўлган. Ҳиндистон расмийлари Хитой томони ҳам талафот кўрганини билдирган, аммо уларнинг аниқ сонини очиқламаган. Ню-Деҳли ҳодисада Пекинни чегарадаги мавжуд вазиятни бир томонлама ўзгартиришга уринишда айблаган.

2022 йил декабрь ойида эса Ҳиндистоннинг Аруначал-Прадеш штатидаги Таванг ҳудудида икки мамлакат ҳарбийлари ўртасида яна тўқнашув содир бўлган. Оқибатда ҳар икки томондан бир неча нафар ҳарбий жароҳатланган.

    Бошқа янгиликлар