АсосийСИЁСАТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Фарғонада сохта давлат рақамларидан фойдаланган ҳайдовчиларга жиноят иши қўзғатилди

Тезкор тадбирлар давомида Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида ҳам бир нечта автомобильга сохта давлат рақамлари ўрнатилгани аниқланган.

'Фарғонада сохта давлат рақамларидан фойдаланган ҳайдовчиларга жиноят иши қўзғатилди'ning rasmi

Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудида автомобилларга сохта ёки давлат рўйхатидан ўтказилмаган рақам белгиларини ўрнатган ҳайдовчилар аниқланди. Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, айни вақтда мамлакат йўлларида ҳуқуқбузарликларни автоматик тарзда аниқлаш ва қайд этишга мўлжалланган 5,5 мингдан ортиқ махсус қурилма ишламоқда. Йил бошидан буён тезликни ошириш билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 40 фоизгача камайган.

Бироқ айрим ҳайдовчилар автоматик камералар орқали қайд этиладиган қоидабузарликлар учун белгиланган жазодан қочиш мақсадида автомобилларига сохта ёки рўйхатдан ўтказилмаган давлат рақам белгиларини ўрнатмоқда.

Хусусан, 5 ноябрь куни Наманган халқаро аэропортида Москва–Наманган йўналиши бўйича учиб келган, Косонсой туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаронинг юк сумкаси текширилган. Текширув давомида ундан тегишли ҳужжатлари бўлмаган, давлат рўйхатидан ўтказилмаган сохта автомобиль рақамлари топилган.

Тезкор тадбирлар давомида Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида ҳам бир нечта автомобильга сохта давлат рақамлари ўрнатилгани аниқланган.

Суриштирувларда айрим фуқаролар сохта рақамларни хорижий давлатлардан ижтимоий тармоқлар орқали буюртма қилганини, бошқалари эса танишларидан сотиб олганини билдирган.

Мазкур ҳолатлар бўйича сохта рақам белгилари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 227¹-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар