Россия Президенти Владимир Путин Европа вакилларини Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокаралар масаласини муҳокама қилиш учун Москвага таклиф қилди. Украина Президенти Владимир Зеленский эса бундай учрашув Россия пойтахтида эмас, бетараф ҳудудда ўтказилиши кераклигини билдирди.
Путиннинг 19 ноябрь куни маълум қилишича, Россия дипломатик каналлар орқали Европа вакилларига Москвага келиш таклифини юборган. Унинг айтишича, аввал Европа давлатларининг тинчлик музокараларида қандай иштирок этиш нияти борлиги аниқланиши, шундан сўнг Украина бўйича мулоқотнинг кейинги шакли белгиланиши керак.
"Европаликларсиз Европа хавфсизлиги ҳақида гаплашиш мантиқсиз", деган Путин.
Россия Президенти Европа давлатларининг Украина билан ҳарбий ҳамкорлиги ва хавфсизлик масалалари ҳам муҳокама қилиниши зарурлигини таъкидлаган.
Бироқ Владимир Зеленский Россия таклифини маъқулламаган. Унинг фикрича, Европа етакчиларининг Москвага бориши нотўғри қарор бўлади. Украина Президенти музокаралар бетараф ҳудудда ўтказилиши тарафдори. Бу томонларнинг урушни тугатишга чиндан ҳам тайёрлигини кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, Зеленский Европа вакилларининг Москвага бориши ижобий натижага олиб келишига шубҳа билдирган.




