Бугун, 18 ноябрь куни Халқаро футбол федерацияси (FIFA) президентлигига номзодларни рўйхатдан ўтказиш учун аризалар қабул қилишнинг сўнгги куни. Навбатдаги сайлов 2027 йил 18 март куни Марокаш пойтахти Работ шаҳрида бўлиб ўтадиган FIFAнинг 77-конгресси доирасида ташкил этилади.
Ташкилот қоидаларига кўра, президентликка номзодлар камида бешта FIFA аъзо ассоциациясининг қўллаб-қувватловига эга бўлиши керак. Шунингдек, улар сўнгги беш йилнинг камида икки йилида FIFA, конфедерациялардан бири ёки миллий футбол ассоциациясида футболчи ёхуд расмий шахс сифатида фаолият юритган бўлиши лозим.
Ҳозиргача президентлик учун курашиш ниятини билдирган тўрт нафар шахс маълум. Улар қуйидагилар:
Жанни Инфантино
FIFAнинг амалдаги президенти Жанни Инфантино тўртинчи муддатга ўз номзодини илгари сурмоқчи. У 2016 йилда ташкилот раҳбари этиб сайланган ва коррупция можаросидан кейин истеъфога чиққан Йозеф Блаттернинг ўрнини эгаллаган. Инфантино 2019 ва 2023 йилларда рақобатсиз тарзда қайта сайланган.
У навбатдаги сайловнинг ҳам асосий даъвогарларидан бири ҳисобланади. «The Guardian» нашри жорий йил июль ойида FIFAга аъзо ассоциацияларнинг аксарияти уни қўллаб-қувватлаётгани ҳақида хабар берган эди.
Бироқ кейинчалик FIFAнинг Жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқларининг бир қисмини сотиш режалари атрофида можаро келиб чиқди. Ташкилот ушбу режадан воз кечишга мажбур бўлди.
Рамон Вега
Швейцариялик собиқ футболчи, миллий терма жамоанинг собиқ сардори Рамон Вега 7 октябрь куни FIFA президентлиги учун курашиш ниятини эълон қилди.
У ўз мақсадини жаҳон футболида бирликни тиклаш, узоқ муддатли ислоҳотларни амалга ошириш, FIFAни замонавий талабларга мослаштириш ва ташкилот обрўсини қайта тиклаш билан изоҳлаган.
Вега 2015, 2019 ва 2023 йилларда ҳам FIFA президентлиги учун курашган, бироқ зарур қўллаб-қувватловга эга бўла олмаган.
Филипп Диалло
Франция футбол федерацияси президенти Филипп Диалло 16 ноябрь куни FIFA президентлигига номзодини эълон қилди.
У UEFA Ижроия қўмитаси ҳамда FIFA Кенгашидаги Европа вакиллари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган.
Диалло сайловда Инфантинонинг асосий рақибларидан бири бўлиши кутилмоқда. UEFA таркибига 55 та миллий футбол ассоциацияси киради.
Козо Ташима
Япония футбол ассоциациясининг фахрий президенти ва FIFA Кенгаши аъзоси Козо Ташима 5 ноябрь куни президентлик учун курашиш ниятини маълум қилди.
У бешта миллий футбол федерациясининг қўллаб-қувватловига эга. Ташима Япония терма жамоасининг собиқ футболчиси бўлиб, мамлакат ёшлар терма жамоаларида ҳам фаолият юритган. У FIFA президентлиги учун курашаётган илк япониялик номзод ҳисобланади.
Сайлов қандай ўтказилади?
FIFAнинг 211 та аъзо ассоциациясининг ҳар бири, мамлакатнинг ҳудуди ёки футболдаги ютуқларидан қатъи назар, сайловда битта овозга эга.
Агар сайловда иккитадан ортиқ номзод иштирок этса, биринчи босқичда ғолиб бўлиш учун номзод овоз бериш ҳуқуқига эга ассоциацияларнинг камида учдан икки қисми овозини олиши керак.
Агар номзодлардан ҳеч бири бундай натижага эриша олмаса, кейинги босқичларда энг кам овоз олган номзодлар навбатма-навбат курашни тарк этади. Жараён икки нафар номзод қолгунига қадар давом этади.






