Буюк Британия Украинага фронт чизиғидан анча узоқдаги нишонларга зарба бериш имконини берувчи мингдан ортиқ узоқ масофали зарбдор дрон етказиб беради. Янги ҳарбий ёрдам пакети 19 ноябрь куни Берлинда ўтказиладиган "Кўнгиллилар коалицияси" учрашувида эълон қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда РБК нашри хабар берди.
Қиймати 341,4 миллион долларга тенг бўлган ёрдам пакети ҳақида Буюк Британия бош вазири Энди Бернем маълум қилиши айтилган.
Мазкур дронлар оғир жанговар каллакларни олиб юриш имкониятига эга. Шунингдек, Лондон Украинага денгиз операциялари, логистика ва разведка учун мўлжалланган учувчисиз аппаратларни ҳам етказиб беради. Улар фронтдаги ҳарбий бўлинмаларни зарур воситалар билан таъминлашда ҳам қўлланиши мумкин.
"Биз Украина ўзини Россия ҳужумлари ва муҳим инфратузилмага мунтазам берилаётган зарбалардан ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни ишга соламиз", деган Бернем.
Бундан ташқари, Британия Украинага қўшимча енгил кўп мақсадли ракеталар етказиб беришни ҳам бошлаган. Лондон маълумотларига кўра, ҳамкорлар кўмагида Украина томонидан реактив дронларни уриб тушириш кўрсаткичи сентябрь ойи бошидаги 30 фоиздан тахминан 70 фоизгача ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Британия Мудофаа вазирлиги Украинага 240 миллион фунт стерлинглик ҳарбий ёрдам пакети доирасида мингдан ортиқ қисқа масофали зенит ракеталари, уларни учириш қурилмалари ва 12 дан ортиқ радар етказиб берилишини маълум қилган эди. Ушбу қуролларни етказиб бериш декабрь ойининг ўрталарида бошланиши режалаштирилган.
Шунингдек, октябрь ойида Британия Украинага қўшимча 10 миллиард фунт стерлинг (13,29 миллиард доллар) миқдорида иқтисодий ва ҳарбий ёрдам ажратишини эълон қилган.




