18 ноябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Адолат ва тараққиёт партиясининг парламент фракцияси йиғилишида Ғазо секторидаги вазият юзасидан баёнот берди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар берди.
Туркия раҳбари Ғазода тинч аҳолига қарши зўравонлик, қотиллик, камситиш ва очликдан қурол сифатида фойдаланиш ҳолатлари давом этаётганини таъкидлади.
"Қирғинлар, мақсадли қотилликлар, камситиш, яккалаб қўйиш, атайлаб очликка маҳкум этиш ва бошқа кўплаб жиноятлар Исроил раҳбарияти дунёдаги энг йирик концентрацион лагерга айлантирган Ғазода бутун дунё кўз ўнгида деярли ҳар куни содир этилмоқда", деди Эрдоған.
Унинг қайд этишича, дунё эски тартиб барҳам топаётган, бироқ унинг ўрнида қандай янги тизим шаклланиши ҳали номаълум бўлган мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Эрдоған халқаро майдондаги рақобат ва қарама-қаршиликлар ҳам кучайиб бораётганини таъкидлади.
"Парда ортида оммавий ахборот воситалари ва телеканалларда кўрсатилаётганидан анча шафқатсиз ва вайронкор рақобат авж олмоқда. Россия ва Украина ўртасидаги уруш давом этмоқда, томонлар ўзаро талафот кўрмоқда. Минтақага авиатаъшувчи кемаларнинг ташланиши билан эса Форс кўрфазидаги вазият янада кескинлашмоқда", деди Туркия президенти.
Эрдоған Ғазода қишнинг қаттиқ совуқлари ҳали бошланмаган бўлса-да, Исроил томонидан жорий этилган чекловлар туфайли гуманитар вазият аллақачон оғирлашганини айтди.
"Тиззасигача сув ва лойга ботиб турган, ҳатто бошпана топиши мумкин бўлган чодирлардан ҳам маҳрум, совуқдан титраётган Ғазо болаларининг аҳволига қарашга юрагимиз дош бермаяпти. Йиллар давомида дунёга демократия ва инсон ҳуқуқларидан маъруза ўқиб келганлар ниқобларини ечиб, ўзларининг асл қиёфасини кўрсатмоқда", деди у.
Туркия президенти Ислом давлатларини Исроилга нисбатан босимни кучайтиришга чақирди. Унинг фикрича, мусулмон мамлакатлари Ғазога гуманитар ёрдам етказиш учун янада фаол ҳаракат қилиши зарур.
"Фақат бошқаларга таяниш ўрнига, биз, мусулмонлар, ҳаракат қилишимиз ва Исроилга босимни кучайтиришга эришишимиз керак. Ислом олами янада қаттиқ қишки совуқлар бошлангунига қадар Ғазога кўпроқ гуманитар ёрдам етказиш учун янада кўпроқ куч сарфлаши лозим. Биз Ғазодаги биродарларимиз ва опа-сингилларимизни вақтинча жойлаштириш учун контейнерлар юборишга тайёрмиз", деди Эрдоған.
У Туркия Ғазо аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун зарур чораларни кўраётганини ҳам билдирди.
"Бошқалар кўзларини юмиб, қулоқларини беркитиб олсалар ҳам, биз Ғазодаги зулм ҳақида жим турмаймиз. Ҳатто ёлғиз ҳаракат қилишимизга тўғри келса ҳам, бизни қўллаб-қувватловсиз қолдиришса ҳам, инсоният ҳамда биродарларимиз ва опа-сингилларимиз олдидаги бурчимизни бажаришда давом этамиз", деди Туркия раҳбари.





