Россия ва Украина ўзаро ҳужумларни давом эттирмоқда. 18 ноябрь куни Украина Қуролли кучлари Бош штаби Россиянинг Краснодар ўлкасида жойлашган Илск ва Афипск нефтьни қайта ишлаш заводларига зарба берилганини маълум қилди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Украина Бош штаби маълумотига кўра, ҳужумлар 17 ноябрь куни ва 17 ноябрдан 18 ноябрга ўтар кечаси амалга оширилган. Илск заводида нефть сақлаш резервуарлари, Афипск заводида эса нефтьни қайта ишлаш қурилмаси нишонга олинган.
Мазкур корхоналар аввал ҳам, 15 ноябрдан 16 ноябрга ўтар кечаси ҳужумга учраган. Украина томонининг таъкидлашича, икки заводнинг йиллик нефть қайта ишлаш қуввати жами қарийб 95 миллион баррелни ташкил этади. Улар Россия қўшинларини, хусусан, Украина жануби ва шарқидаги фронт чизиғида жанг қилаётган ҳарбий қисмларни ёқилғи билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Россия расмийлари эса Краснодар ўлкасидаги иккита саноат объектига ҳужум қилинганини тасдиқлади. Бироқ улар объектларнинг номлари ва етказилган зарар кўлами ҳақида маълумот бермади.
Украина президенти Владимир Зеленский 18 ноябрь куни мамлакатда ишлаб чиқарилган қуролларнинг самарадорлигини юқори баҳолади. Унинг айтишича, Украинада ишлаб чиқарилган узоқ масофага учувчи дрон ва ракеталар Россияни босиб олинган Қрим билан боғловчи Керч кўпригига қарши операцияда қўлланган.
Зеленский операцияга бир неча ҳафта тайёргарлик кўрилганини айтди. У Украина технологик ривожланиш бўйича дунёдаги энг илғор учта давлат қаторига киришини, Европада эса биринчи ўринда туришини таъкидлади. Украина президенти кўприкка берилган зарбани Россиянинг давом этаётган ҳужумларига жавоб сифатида изоҳлади. Унинг фикрича, кўприкда транспорт ҳаракатининг издан чиқиши Россия қўшинларини фронт чизиғида таъминлашга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
БМТнинг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси 18 ноябрь куни октябрь ойида тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, ўтган ойда камида 372 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 1 981 киши яраланган. Бу кўрсаткич 2025 йил октябрига нисбатан 95 фоизга юқори.
Миссия раҳбари Даниэль Беллнинг таъкидлашича, 2026 йилнинг дастлабки 10 ойида тинч аҳоли орасидаги ўлимлар сони 2025 йилнинг бутун давридаги кўрсаткичдан ошиб кетган.
Украина бош вазири Сергей Корецкийнинг маълум қилишича, Россия дронлари 17 ноябрдан 18 ноябрга ўтар кечаси ва 18 ноябрь куни эрталаб мамлакатнинг бешта вилоятидаги энергетика объектлари, фуқаролик корхоналари ҳамда турар жойларга ҳужум қилган.
Россиянинг Одессага ҳужуми ҳам оғир оқибатларга олиб келди. Маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, 18 ноябрь куни шаҳарга уюштирилган зарбалар оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган. Reuters агентлигининг хабар беришича, ҳужумлар уч босқичда амалга оширилган, турар жой бинолари, кафе ва дўконларга зарар етган. Камида етти киши яраланган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса 18 ноябрга ўтар кечаси Одесса вилоятидаги Измаил портига дронлар орқали зарба берилганини маълум қилди.
Шунингдек, Харкив вилоятининг Златопил шаҳридаги бозорга Россия дрони орқали берилган зарба оқибатида 12 киши яраланди. Улар орасида 11 ёшли бола ҳам бор. Бу ҳақда Украина фавқулодда вазиятлар хизмати маълум қилди.





