Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳалок бўлган 72 нафар номаълум аскар дафн этилган жойдаги мемориал ёдгорлик вайрон қилинди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларни аниқлаш бўйича қидирув ишлари бошланган.
"Tengrinews" нашрининг хабар беришича, 18 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Тараз шаҳрининг Қорасув мавзесидаги қабристонда жойлашган ёдгорлик бузилгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Маълум қилинишича, ушбу ҳудудда эвакуация госпиталларида олган жароҳатлари оқибатида вафот этган 72 нафар номаълум аскар дафн этилган.
Мемориал 2026 йил 15 октябрь куни кенг кўламли таъмирлаш ишларидан сўнг қайта очилган. Ободонлаштириш ва ёдгорликни янгилаш ишлари маҳаллий ҳокимият ҳамда Россиянинг Олмаотадаги Бош консуллиги ҳамкорлигида амалга оширилган.
Жамбил вилояти ҳокимлиги ҳодисани тасдиқлаган. Вилоят ҳокими Ербол Қорашўкеев ҳолатни алоҳида назоратга олишни топширган. Шунингдек, ёдгорлик яқин вақт ичида қайта тикланиши маълум қилинган. Бироқ таъмирлаш ишлари қачон якунланиши ҳозирча аниқ эмас.
Жамбил вилояти полиция департаменти ёдгорликни бузиш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилганини билдирган. Айни пайтда ҳуқуқбузарларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари давом этмоқда.
Маълумот учун, 2026 йил сентябрь ойида Остона шаҳридаги Журналистлар хиёбонида ҳам вандализм ҳолати кузатилган. Икки йигит хиёбондаги ҳайкалтарошлик композициясига зарар етказиб, еттита чиқинди қутисини синдирган. Полиция уларнинг шахсини аниқлаб, қўлга олган. Гумонланувчилардан бири 18 ёшда, иккинчиси эса вояга етмаган бўлган.




