АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Microsoft раҳбари сунъий интеллект сабаб интернетда йирик узилишлар кўпайишини айтди

Microsoft бош директори Сатья Наделланинг таъкидлашича, сунъий интеллектнинг ривожланиши, эскирган инфратузилма ва киберҳужумлар келгусида рақамли хизматларда йирик узилишлар кўпайишига олиб келиши мумкин.

'Microsoft раҳбари сунъий интеллект сабаб интернетда йирик узилишлар кўпайишини айтди'ning rasmi

Microsoft бош директори Сатья Наделланинг фикрича, сунъий интеллектнинг ривожланиши, эскирган инфратузилма ва киберҳужумлар келгусида рақамли хизматларда йирик узилишлар сони ортишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда у ўтган ҳафта Microsoft хизматларида кузатилган йирик техник носозликдан сўнг маълум қилди.

Ўтган ҳафтаги узилиш бизнес ва давлат муассасаларига, шунингдек, Microsoft 365, Outlook ва Teams фойдаланувчиларига таъсир кўрсатган. Наделланинг айтишича, носозлик вақтида корпорация серверларининг 80 фоиздан ортиғи ишламай қолган.

Муаммога эскирган ускуналарни текшириш учун мўлжалланган ёзги янгиланишдаги дастурий хато сабаб бўлган. Уни тармоқдаги ғайриоддий фаоллик юзага чиқарган.

Microsoft раҳбари сунъий интеллект бир вақтнинг ўзида ҳам киберхавфсизликни кучайтириш, ҳам янги таҳдидларни келтириб чиқаришини таъкидлади. Хусусан, нейротармоқлар заифликларни аниқлашни тезлаштириши билан бирга, мураккаб киберҳужумларни ташкил этишни ҳам осонлаштирмоқда.

Наделла, айниқса, транспорт тармоқлари, иситиш ва совитиш тизимлари каби интернетга уланган инфратузилмалардан хавотир билдирган. Унинг таъкидлашича, бундай тизимларни янгилаш ва киберҳужумлардан ҳимоя қилиш оддий булутли хизматларга нисбатан қийинроқ.

Microsoft раҳбари глобал миқёсда булутли платформаларга қарамлик ортиб бораётган бир пайтда технологик компаниялар ўз инфратузилмасини модернизация қилиши зарурлигини қайд этган.

    Бошқа янгиликлар