АсосийСИЁСАТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 500 миллион долларга етказилиши мумкин

Президент иқтисодий шерикликни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишини белгилаб берди.

'Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 500 миллион долларга етказилиши мумкин'ning rasmi

Ўзбекистон ва Иордания ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Бу ҳақда 24 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон – Иордания бизнес форумида маълум қилинди.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Тадбирда Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн, икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, йирик компаниялар раҳбарлари ва ишбилармон доиралар вакиллари қатнашди.

Президент ўз нутқида ўтган йили Иордания Подшоҳининг Самарқандга амалга оширган ташрифи икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очганини таъкидлади.

Қайд этилишича, сўнгги беш йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб 9 баробарга, 2025 йилда эса 80 фоизга ошган. Айни пайтда Ўзбекистонда иорданиялик инвесторлар иштирокидаги 20 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

Шунингдек, Тошкент ва Аммон ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилган, икки мамлакат фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилган.

Давлат ташрифи доирасида имзоланган Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим қадам сифатида қайд этилди. Ҳужжат 300 турдаги товарга нисбатан пасайтирилган божхона божлари ставкаларини қўллашни назарда тутади.

Шавкат Мирзиёев ушбу келишув ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажмини ошириш ва товар айирбошлаш кўрсаткичини 500 миллион долларга етказиш учун замин яратишига ишонч билдирди.

Президент иқтисодий шерикликни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишини белгилаб берди.

Булар — тўқимачилик, тоғ-кон, фармацевтика, кимё саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳалари.

Жумладан, Ақаба махсус иқтисодий зонасида Ўзбекистон хомашёси ва ярим тайёр маҳсулотлари асосида қўшма тўқимачилик корхоналарини ташкил этиш, тайёр маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда экспорт қилиш таклиф этилди.

Тоғ-кон саноатида иорданиялик инвесторлар муҳим минераллар бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун Тошкент ва Самарқандда ташкил этилаётган “Келажак металлари” технопаркларида ҳамкорлик қилишга таклиф қилинди.

Фармацевтика йўналишида янги турдаги маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш ва илғор технологияларни жорий этиш масалалари кўтарилди. Бу борада иорданиялик ҳамкорлар учун “Tashkent Pharma Park” кластерида зарур шароит ва имтиёзлар яратилиши таъкидланди.

Кимё саноатида минерал ўғитлар, озуқа қўшимчалари, маиший кимё маҳсулотлари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалигида эса қўшма агросаноат кластерларини ташкил этиш, уруғчилик, боғдорчилик ва чорвачиликни ривожлантириш орқали икки мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш масаласига эътибор қаратилди.

Шунингдек, туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари қайд этилди. Президент иорданиялик сайёҳларни Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига ташриф буюришга таклиф қилди.

Форум доирасида чарм саноати, телетиббиёт, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электротехника ва логистика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Келгуси йил март ойида Тошкентда навбатдаги Ўзбекистон – Иордания бизнес форумини ўтказиш режалаштирилган. Эришилган келишувлар ва қўшма лойиҳалар ижроси Ҳукуматлараро комиссия томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилади.

    Бошқа янгиликлар