Россиянинг Псков вилоятида мигрантларнинг фарзандларига таълимни фақат пуллик асосда бериш таклиф қилинди. Ташаббус билан вилоят Қонунчилик ассамблеяси депутати, ЛДПР вакили Антон Минаков чиқди. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
Депутат мигрант оилалар фарзандларининг бепул таълим олиш тартибини қайта кўриб чиқиш кераклигини айтган. Унинг фикрича, мигрантларнинг фарзандлари фақат пуллик асосда ўқиши, улар учун давлат томонидан молиялаштириладиган таълим ўринлари ажратилмаслиги лозим.
“Биз ота-оналари билан келган мигрантларнинг фарзандлари фақат пуллик асосда таълим олишларини тарғиб қиламиз. Мигрантларнинг фарзандлари учун давлат томонидан молиялаштириладиган ўринлар бўлмаслиги керак. Ишончим комилки, давлат бюджети маблағлари фақат Россия фуқаролари ва фарзандлари учун сарфланиши керак”, — деган Минаков.
ЛДПР вакили партия меҳнат миграциясига умуман қарши эмаслигини, чунки Россияда ишчи кучи етишмаслиги каби муаммолар мавжудлигини таъкидлаган. Бироқ у ноқонуний миграцияга қатъий қарши эканини билдирган.
Минаковнинг сўзларига кўра, Россияда ишлашни мақсад қилган чет эл фуқаролари тегишли расмий ҳужжатларга эга бўлиши ва солиқ тўлаши шарт. Бу талабларга риоя қилмаган шахсларга нисбатан эса қатъий чоралар, жумладан, уларни махсус рўйхатга киритиш ва мамлакатдан депортация қилиш қўлланилиши керак.






