АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Мисрда ёқилғи ташувчи цистерна ағдарилиб, автомобиллар ёниб кетди: 31 киши ҳалок бўлди

Бош прокуратура марҳумларнинг шахсини аниқлаш учун ДНК текширувлари бошланганини маълум қилган.

'Мисрда ёқилғи ташувчи цистерна ағдарилиб, автомобиллар ёниб кетди: 31 киши ҳалок бўлди'ning rasmi

Миср пойтахти Қоҳирани айланиб ўтувчи автомобиль йўлида ёқилғи ташувчи цистерна ағдарилиб, йирик ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлган, яна 21 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Ҳодиса 25 ноябрь куни Қоҳира таркибига кирувчи Гиза шаҳрининг аҳоли зич яшайдиган Варрак маҳалласида содир бўлган.

Давлат оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, ёқилғи ташувчи юк машинаси ағдарилганидан сўнг ёнғин бошланган. Аланга тезда атрофдаги автомобилларга ҳам тарқалган. Оқибатда 20 дан ортиқ автомобиль ва мотоцикл ёниб кетган.

Ҳодиса жойига қутқарувчилар ва ўт ўчирувчилар етиб келган. Улар ёнаётган автомобиллар ичидан одамларни олиб чиқиш ва ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилган. Ҳодиса жойига юзлаб одамлар йиғилган.

Авария гувоҳи Аҳмад Самирнинг айтишича, у йўл ёпилгани сабабли тирбандликда қолиб кетган ва ёқилғи ташувчи цистерна ҳамда кўплаб автомобиллар ёнаётганини кўрган.

Унинг сўзларига кўра, камида саккиз кишининг жасади ёниб кетган автомобиллардан олиб чиқилган.

"Ёнғин жуда катта эди. Машиналар олов сабабли бир-бирига ёпишиб қолганди. Бу даҳшатли манзара эди", — деган у.

Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган.

Бош прокуратура марҳумларнинг шахсини аниқлаш учун ДНК текширувлари бошланганини маълум қилган.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Холид Абдул Ғаффорнинг билдиришича, жароҳатланганлар яқин атрофдаги шифохоналарга олиб борилган. У қурбонлар сони дастлабки эканини ва яна ортиши мумкинлигини ҳам билдирган.

    Бошқа янгиликлар