Жиззах вилоятининг Зомин туманида вояга етмаган қизига нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда гумонланган эркакка қидирув эълон қилинди. У жиноят иши қўзғатилишидан бир ой олдин Россияга ишлаш учун кетган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Darakchi.uz сўровига жавобан маълум қилди.
Унинг билдиришича, 1984 йилда туғилган эркакка нисбатан 2026 йил 14 октябрь куни Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи 2026 йил 11 сентябрь куни ишлаш мақсадида Россияга кетган.
Унга нисбатан қидирув эълон қилинган. 19 октябрь куни суд ажрими билан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.






