АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Дуал таълим: билим ва ишлаб чиқариш уйғунлиги — саноат тараққиёти гарови

Зеро, бугун таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида яратилган мустаҳкам ҳамкорлик эртага саноат тармоқларининг барқарор ривожланиши, малакали муҳандис кадрлар тайёрланиши ва рақобатбардош иқтисодиёт шаклланишининг муҳим пойдеворига айланади.

'Дуал таълим: билим ва ишлаб чиқариш уйғунлиги — саноат тараққиёти гарови'ning rasmi

Бугунги кунда саноат тармоқларининг жадал ривожланиши, замонавий технологиялар ва автоматлаштирилган бошқарув тизимларининг кенг жорий этилиши юқори малакали муҳандис-техник кадрларга бўлган эҳтиёжни янада оширмоқда. Бу эса таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, назарий билимларни амалий тажриба билан мустаҳкамлашни тақозо этмоқда. Шу жиҳатдан, дуал таълим меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган, рақобатбардош мутахассислар тайёрлашнинг муҳим механизми ҳисобланади.

Мамлакатимизда дуал таълимни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилган. 2020 йил 23 сентябрдаги ЎРҚ–637-сонли "Таълим тўғрисида"ги Қонун, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги 163-сон ва 2025 йил 16 январдаги 14-сон қарорлари ушбу тизимни ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур йўналишда Олмалиқ давлат техника институти томонидан ҳам таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада институтнинг Ангрен шаҳридаги "Нишбош" кўмир кони билан йўлга қўяётган ҳамкорлиги алоҳида аҳамиятга эга. Корхонада Хитойнинг илғор технологиялари асосида ер ости усулида кўмир қазиб олиш, замонавий кон ускуналари, конвейер тизимлари, автоматлаштирилган бошқарув ва саноат хавфсизлиги механизмларини жорий этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу эса талабаларга замонавий кончилик технологияларини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида ўрганиш имконини беради.

Институтда Хитойнинг Henan Polytechnic University профессор-ўқитувчилари ҳамда "Нишбош" кўмир кони вакиллари иштирокида ўтказилган учрашув якунида уч томонлама англашув меморандуми имзоланди.

Ҳужжат доирасида "Кўмир ресурсларини ўзлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича Хитой–Ўзбекистон қўшма лабораторияси"ни ташкил этиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, шунингдек, кончилик, саноат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида малакали кадрлар тайёрлаш кўзда тутилган.

Ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши — "Нишбош" кўмир кони ҳудудида институт кампусини ташкил этиш ташаббуси. Ушбу кампусда замонавий ўқув хоналари, лабораториялар, амалий машғулотлар майдонлари ва талабалар учун зарур шароитлар яратилиши режалаштирилмоқда.

Натижада талабалар назарий билимларини ишлаб чиқаришда мустаҳкамлаш, корхона мутахассислари билан бевосита ишлаш ва касбий тажриба орттириш имконига эга бўлади. Профессор-ўқитувчилар эса саноатдаги долзарб муаммоларни илмий ўрганиш ва уларга амалий ечимлар ишлаб чиқиш имкониятини қўлга киритади.

Дуал таълимнинг асосий устунлиги шундаки, талаба ўқиш давридаёқ келажакдаги касбий фаолиятига мос амалий компетенцияларни эгаллайди. Бу эса иш берувчиларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишга хизмат қилади.

Шу маънода, Олмалиқ давлат техника институти, "Нишбош" кўмир кони ва Henan Polytechnic University ўртасидаги ҳамкорлик таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг халқаро тажрибага асосланган истиқболли намунасидир.

    Бошқа янгиликлар