2026 йил 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида прокуратура органлари ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий форум ўз ишини бошлади. Унда қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ва замонавий таҳдидларга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Бош прокуратура ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан ташкил этилган «Tashkent Law Enforcement Forum – 2026» халқаро форуми «Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш: замонавий чақириқлар ва янги ечимлар» мавзусига бағишланган.
Форумда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, халқаро ташкилотлар, илмий-таълим муассасалари ҳамда тегишли идоралар вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев кириш сўзи билан қатнашди. У прокуратура органларининг 35 йиллик тараққиёт йўли, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар ҳақида сўз юритди.
Форумда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов, Конституциявий суд раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов, Президент Администрацияси масъул ходими Маржона Мурадова ва Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ҳам иштирок этди.
Шунингдек, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистон бўйича минтақавий вакили Оливер Штолпе, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси раҳбари вазифасини бажарувчи Андриан Кринтя ҳамда Олий аттестация комиссияси раиси, сиёсий фанлар доктори, профессор Мунира Аминова қутлов нутқлари ва маърузалари билан қатнашди.
Форумнинг биринчи кунида иштирокчилар Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг илмий-инновацион павильони фаолияти билан ҳам танишди.
Икки кун давом этадиган халқаро форум доирасида қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдидларга қарши курашишда илғор ёндашувлар ва инновацион ечимларни жорий этиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Форум прокуратура органларининг 35 йиллик фаолиятини сарҳисоб қилиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда илмий ёндашувлар ва илғор тажрибани ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятига жорий этишга қаратилган.
Тадбир доирасида иштирокчилар қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашдаги замонавий чақириқлар юзасидан фикр ва тажриба алмашади.






