АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Президент транспорт-логистика соҳасига 20 млрд доллар инвестиция жалб қилиш имконияти борлигини таъкидлади

Президент Шавкат Мирзиёев транспорт-логистика соҳасидаги инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувда йўл ва темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш ҳамда халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш бўйича вазифаларни белгилади.

'Президент транспорт-логистика соҳасига 20 млрд доллар инвестиция жалб қилиш имконияти борлигини таъкидлади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни Автомобиль йўллари қўмитасининг илмий-амалий марказида транспорт-логистика соҳасидаги инвестор ва тадбиркорлар билан учрашди. Унда йўл ва темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш, халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш ҳамда соҳадаги тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Президент иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларига мос равишда транспорт тизимини ҳам ривожлантириш, соҳага йирик инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.

Йўл қурилишига хусусий инвестициялар жалб қилинади

Сўнгги ўн йилда йўл соҳасига 80 трлн сўм ажратилган. Бу даврда 7 минг километр йўл қайта қурилиб, 125 минг километр йўл таъмирланган.

Йўл инфратузилмасини ривожлантиришга хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш ва соҳага 20 млрд доллар маблағ олиб кириш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

Ҳозирда умумий қиймати 5,6 млрд доллар бўлган, жами 593 километрлик пулли йўлларни қуриш бўйича бешта лойиҳа бошланган. Тошкент — Самарқанд йўналишида 2,2 млрд долларлик йўл қурилиши бошланган, Тошкент — Ангрен йўналишидаги 1,6 млрд долларлик лойиҳа бўйича тендер жараёнлари якунланмоқда.

Мутасаддиларга Тошкент — Чорвоқ, Самарқанд — Бухоро йўналишлари ва Тахтақорача довонидаги йўллар бўйича умумий қиймати 1,8 млрд долларлик лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини якунлаб, инвесторларга тақдим этиш топширилди.

Ҳудудларда йўл ва кўприклар қурилишига тадбиркорларни кенг жалб қилиш учун янги имкониятлар яратилади. Ҳозирга қадар умумий қиймати 4 млрд долларлик 131 та лойиҳа таклифи тайёрланган.

Ҳокимларга бир ой муддатда ҳар бир ҳудудда 1–2 тадан йўл ва кўприкни белгилаб, уларни қуриш, сақлаш ва бошқариш шарти билан инвесторларга таклиф этишни бошлаш топширилди. Лойиҳалар хусусий секторга техник-иқтисодий асослари билан бирга тайёр пакет шаклида тақдим этилади.

Шунингдек, инвесторларга йўллар бўйида савдо ва сервис объектларини ташкил этиш ҳуқуқи ҳам берилади. Бундай лойиҳалар ҳар бир туманда бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Халқаро молия институтлари билан йўл лойиҳалари

Ҳозирда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 6,5 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Яқинда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Урганч — Тупроққалъа йўли бўйича лойиҳага старт берилди.

Келгуси йилда Жаҳон банки билан М-41 йўлининг Сурхондарё вилоятидаги 97 километри, Осиё тараққиёт банки билан А-380 йўлининг Қашқадарёдаги 100 километри реконструкция қилинади.

Шунингдек, Ислом тараққиёт банки билан А-373 йўлининг Сирдарёдаги 37 километри, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан М-37 йўлининг Бухоро ва Навоий вилоятларидаги 69 километрини реконструкция қилишга киришилади.

Президент йўл соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётган халқаро молия ташкилотларига миннатдорлик билдирди.

Сўнгги йилларда мамлакатда йўл қурилиши бўйича малакали мутахассислар, йирик маҳаллий пудратчи ва муҳандислик-консалтинг компаниялари шакллангани, замонавий техника билан таъминлаш борасида ҳам имкониятлар кенгайгани таъкидланди.

Халқаро молия институтларига маҳаллий мутахассисларни йирик халқаро лойиҳаларга муҳандис-консультант сифатида жалб қилиш, йўл қурилишида тажриба орттирган компанияларни хорижий тендерларда иштирок этишга тайёрлаш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Йўллар сифати ва хизмат муддати оширилади

"Бизга бугун арзон қурилиб, эртага яна бюджетдан пул талаб қиладиган йўл эмас, узоқ йил хизмат қиладиган сифатли йўл керак", — деди Президент.

Полимер битумдан тўғри технология асосида фойдаланиш йўлнинг хизмат муддатини 3–4 йилга узайтириш, юқори ҳароратга чидамлилигини ошириш ва такрорий таъмирлаш харажатларини камайтириш имконини беради.

Келгуси йил март ойидан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида 50 минг тонна полимер битум ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Йил якунига қадар ишлаб чиқариш қувватини камида 100 минг тоннага етказиш топширилди.

Урганч — Хива пулли йўлининг асфальт-бетон қопламасида илк бор геотекстил материали қўлланилган. Бу технология юкламани тенг тақсимлаш, қопламани деформациядан сақлаш ва йўлнинг хизмат муддатини 4–5 йилга узайтиришга хизмат қилади.

Мутасаддиларга полимер битум ва геотекстил технологияларидан фойдаланишни йўл қурилиши стандартларига киритиш вазифаси қўйилди. Келгуси йилдан халқаро аҳамиятдаги йўлларни қуриш ва реконструкция қилишда бу талаб мажбурий бўлади. Кейинчалик у давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларга ҳам татбиқ этилади.

Темир йўл инфратузилмаси ривожлантирилади

"Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон" темир йўли ишга тушиши билан юк ташиш ҳажми 10 карра ошиши ва йилига 15–16 млн тоннага етиши кутилмоқда. Президент миллий темир йўл инфратузилмасини шунга мос равишда ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Ҳозирда темир йўлларнинг 25 фоизи тўлиқ қувватда, 15 фоизи эса ортиқча юклама билан ишламоқда.

2030 йилгача 545 километр янги темир йўл линияларини қуриш, электрлаштирилган йўллар улушини 65 фоизга, электропоездлар паркини 31 тага етказиш режалаштирилган.

Келгуси йилда Ангрен — Поп темир йўл линияси модернизация қилинади. Ушбу йўналишда иккинчи линия қуриш масаласи ҳам кўриб чиқилади.

Апрель ойидан Тўқимачи — Ангрен йўналишида иккинчи темир йўл қурилиши бошланади. Шунингдек, Тошғузор — Қумқўрғон участкаларини модернизация қилиш якунланади, Андижон — Хонобод ва Қумқўрғон — Қудуқли йўналишлари тўлиқ электрлаштирилади.

Тошкент — Самарқанд йўналишида алоҳида юқори тезликдаги темир йўл линияси қурилишига киришилади.

Президент халқаро молия ташкилотлари ва инвесторларни умумий қиймати 8 млрд долларлик ушбу лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга чақирди.

Юк вагонларини импорт қилишда имтиёзлар берилади

Юк вагонларига талаб йилдан йилга ошиб бормоқда. Шу боис, вагонлар паркини ҳар йили 5–6 мингтага кўпайтириш зарурлиги айтилди.

Бунинг учун тадбиркорларга қатор енгилликлар яратилади. Хусусан, юк вагонларини импорт қилиш қўшилган қиймат солиғидан озод этилади, темир йўл линияларидан фойдаланиш тўловига 20 фоизгача чегирма берилади.

Халқаро юк ташиш учун маҳаллий вагонларни тақдим этишда қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкасини қўллаш белгиланди.

Президент Жаҳон банки билан ҳамкорликда темир йўл соҳасида янги тариф сиёсати ишлаб чиқилганини маълум қилди. Мутасаддиларга 2027 йилдан ушбу сиёсатни босқичма-босқич жорий этиш топширилди.

Келгуси йилдан ҳар бир йўналиш бўйича темир йўл линияларидан фойдаланиш, локомотив ва вагон учун тўловлар алоҳида кўрсатиладиган тизим жорий этилади.

Ўзбекистон халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланади

Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи йирик қуруқлик портига айлантириш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Айни пайтда Ўрта йўлак имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Мутасаддиларга Озарбайжон, Туркманистон ва Грузия билан электрон юк ҳужжатларини ўзаро тан олиш бўйича келишувларни якунлаш топширилди.

Шунингдек, мамлакатдан Каспий, Қора денгиз, Шарқий Хитой денгизи ва Болтиқбўйи давлатлари портларигача блок-поездлар қатновини йўлга қўйиш ҳамда бу ҳақда тадбиркорларга маълум қилиш вазифаси қўйилди.

    Бошқа янгиликлар