АсосийБУ ҚИЗИҚ
Муаллиф: Darakchi.uz

Кимлар кўпроқ ва тинчроқ ухлайди?

Олимлар тадқиқот натижаларини эълон қилди.

'Кимлар кўпроқ ва тинчроқ ухлайди?'ning rasmi

Ижтимоий-иқтисодий шароити яхши бўлган одамлар бошқаларга қараганда узоқроқ ва барқарорроқ ухлайди. Бу ҳақдаги тадқиқот натижалари “JAMA Network Open” илмий журналида эълон қилинди.

Тадқиқотда АҚШдаги “All of Us” миллий дастурида иштирок этган 12 403 нафар одамнинг маълумотлари таҳлил қилинган. Иштирокчилар камида 180 кун давомида фитнес-билагузук тақиб юрган ва яшаш шароитлари ҳақидаги сўровномани тўлдирган.

Олимлар иштирокчиларнинг иқтисодий аҳволи, ижтимоий муҳити, яшаш жойидаги шароитлар ҳамда тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини ҳисобга олган.

Натижаларга кўра, яшаш шароити энг яхши бўлган иштирокчилар шароити энг оғир гуруҳдагиларга қараганда бир кечада ўртача 5,8 дақиқа кўпроқ ухлаган. Шунингдек, уларнинг уйқу давомийлиги бир кечадан бошқасига камроқ ўзгарган. Бу борадаги фарқ 4,8 дақиқани ташкил этган.

Тадқиқотчилар уйқу давомийлигига энг катта таъсир кўрсатган омил иқтисодий барқарорлик эканини аниқлаган. Озиқ-овқат ва уй-жой билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаган одамлар ушбу икки муаммони бир вақтнинг ўзида бошдан кечирганларга қараганда ўртача 10,7 дақиқа кўпроқ ухлаган.

Уларнинг уйқу давомийлиги ҳам барқарорроқ бўлган. Бу борадаги фарқ 8,7 дақиқани ташкил этган.

Тадқиқотда қулай шароитларда яшайдиган одамлар, одатда, бир суткада камида олти соат ухлаши қайд этилган.

Олимларнинг хулосасига кўра, ижтимоий-иқтисодий шароитлар нафақат уйқу давомийлигига, балки унинг барқарорлигига ҳам таъсир кўрсатади.

    Бошқа янгиликлар