Американинг Флорида штатидаги Орландо шаҳрида яшовчи эркак рафиқасини ўлдирганлигини яшириш мақсадида унинг Facebook саҳифасида рафиқасининг номидан турли изоҳлар ёзди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.
Кейинчалик маълум бўлишича, 42 ёшли Жорж Макшейн ва унинг рафиқаси Кристенлар ўртасида 7 январь куни жанжал чиққан. Ғазабланган Жорж рафиқасини жаҳл устида бўғиб ўлдирган.
Қилган ишидан қўрқиб кетган Жорж қотиллигини яшириш мақсадида рафиқасининг номидан Facebook да унинг ўртоқлари билан ёзишган.
“Телефонимни ҳожатхонага тушириб юборганимга ишонолмаяпман, нақадар жиннилик... Уни тузатгунимча, Facebook саҳифамга ёзинг”, деб ёзди Жорж рафиқасининг номидан.
Бундан ташқари у рафиқасининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси суратларини ҳам янгилаб, барча дўстларига рафиқасининг номидан жавоб ёзган.
Воқеадан бир неча кун ўтгач, полиция ётоқхонадан Кристеннинг жасадини топди. Жоржни эса гараж ичидаги автомашинада ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганда қўлга олди.
Жорж Макшейнга нисбатан қотиллик бўйича жиноят иши қўзғатилди.