АсосийShou-biznes

Зулфиқор Мусоқовнинг триллер жанридаги "Дадам бетоб" фильмининг илк намойиши бўлиб ўтди(Фото ва видео)

Алишер Навоий номидаги киносаройида "Ўзбеккино" миллий агентлиги томонидан суратга олинган "Дадам бетоб" бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди. 

Зулфиқор Мусоқов режиссёрлигида суратга олинган “Дадам бетоб” фильми томошабинларда ўзгача таассурот қолдирди.

Картина 2016 йилнинг 9 октябрь куни вафот этган таниқли поляк режиссёри Анжей Вайда хотирасига бағишланди. “Дадам бетоб” фильмида бош ролларни таниқли актёрлар Фарҳод Абдуллаев, Юлдуз Ражабова,Феруза Саидова ва Баҳриддин Абдуллаев маҳорат билан ижро этган.

Картина давомийлиги 1 соату 30 дақиқани ташкил этади. Фильмни томоша қилар экансиз ундаги кутилмаган саҳналар, воқеалар ривожи сизни тамомила ўзига боғлаб қўяди. Актёрларнинг профессионал ижросини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли. Бошқа соҳада фаолият юритишига қарамасдан Баҳриддин Абдуллаевнинг фильмдаги ижроси ўта таъсирли ва ишончли чиққан.  Юлдуз Ражабова эса мазкур картинада илк бор террорчи, хавфли жиноятчи образини гавдалантирган. У тўққиз нафар инсонни ўлдиргани учун қамалган...

Фарҳод Абдуллаев “Дадам бетоб”да ҳалол ва виждонли терговчи ролини ижро этган. Унинг “Мен сен каби жиноятчиларга нима учун қарши курашаман? Ўзбекистоним тинч бўлсин, ҳаётимиз форовон бўлсин, деб курашаман” деган сўзлари томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Фильмдаги яна бир асосий ролни актриса Феруза Саидова ижро этган. У содда, чапани, софдил ва меҳнаткаш қишлоқ аёли Азиза образини гавдалантирган. У инсультни бошдан кечирган турмуш ўртоғининг ҳаётини сақлаб қолиш учун тинмай меҳнат қилади. Азиза пул топиш учун бир кун давомида таксичилик қилади. Шу куни у турли муаммолар гирдобидаги, турли дунёқарашга эга инсонларга рўбаро келади...  Азизанинг сўнгги йўловчи билан танишув оқибати оғир кечади…

Фильм триллер ва йўл киноромани жанрларида суратга олинган. Унда кўплаб юмор элементлари ҳам мавжуд.

Картинада Турғун Бекназаров, Хайрулла Саъдиев, Раъно Шодиева ва Фатҳулла Масъудов, каби актёрлар ҳам эпизодик роллар ижро этган.

 

Бир сўз билан айтганда, ўзбек кинематографиясидаги ватанпарварлик руҳидаги кинофильмлар сони яна биттага кўпайди. “Дадам бетоб” томошабинга маънавий озуқа берувчи, уни турли ёт ғоялар таъсирига берилмасликка ўргатувчи фильм!

 

 

 

    Бошқа янгиликлар