16 май куни кўҳна ва навқирон Самарқанднинг Регистон майдонида “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” мавзусида халқаро илмий-маданий конгрессининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Икки кун Тошкент ва Самарқандда давом этган халқаро конгресс ишида дунёнинг 40 мамлакатидан 370 нафар иштирокчи қатнашди, улар орасида фан ва маданият муассасалари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, дипломатик корпус вакиллари, экспертлар ва олимлар бор.
Ёпилиш маросимида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги раҳбари Криста Пиккат сўзга чиқар экан, бугун бутун дунёда нотинчлик ҳукм сураётган, қадимий меъморий ёдгорликлар йўқ қилинаётган, ваҳшийлар вайрон қилинаётган бир вақтда ушбу халқаро конгресснинг аҳамияти беқиёслигини алоҳида таъкидлади.
Мазкур йирик бутун дунё олимларини қамраб олган конгресс якунида барча иштирокчилар резолюция қабул қилдилар ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва мамлакатимиз ҳукуматига бундай тадбирни ўтказиш учун имконият яратгани учун минатдорчилик билдирдилар. Криста Пиккат қабул қилган резолюцияни ўқиб эшитирар экан, Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўзбек халқининг маданий меросини сақлашга ва уни тарғиб қилишга бўлган бундай эътибори эътирофга сазоворлигини таъкидлаб ўтди.
Конгресс фаолияти ўзбек ва чет эл («Вести 24», НТВ, «Культура», «Мир», ТРТ, Рейтер телеканаллари, ТАСС, Синьхуа, Анадолу агентликлари ва б.) ОАВлари томонидан кенг ёритилди. Конгресс ишида Озарбайжон, Буюк Британия, Германия, Голландия, Қозоғистон, Канада, Қирғизистон, Польша, Россия, АҚШ, Туркия, Франция, Чехия, Швеция, Япониядан 5 нафар академик, 36 фан доктори, 14 нафар профессорлар ўз маъруза ва нутқлари билан иштирок этдилар.
Конгресснинг асосий воқеаларидан бири Ўзбекистон халқларининг маданий ва тарихий ёдгорликлари тўпламларини ўз ичига олган 10 та ноёб альбом-китоб ва ҳужжатли фильмларнинг тақдимоти бўлди.
Тадбир сўнггида конгресс қатнашчиларига бутун дунё ва Ўзбекистон тарихидан ҳикоя қилувчи 3D- mapping шоу намойиш этилди.