АсосийЖАМИЯТ

“Оксфорд ўзбекшунослик дастури”доирасида Ёзги мактаб бошланди

Ёзги мактаб 27 августдан 23 сентябргача Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети негизида бўлиб ўтади\.

'“Оксфорд ўзбекшунослик дастури”доирасида Ёзги мактаб бошланди'ning rasmi

“Оксфорд ўзбекшунослик дастури”га 2025 йил октябрь ойида Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева томонидан старт берилган эди. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади — ўзбек тили, тарихи ва маданиятининг халқаро академик майдонда тизимли ўрин эгаллашини таъминлаш ҳамда Ўзбекистонни ўрганувчи хорижий тадқиқотчиларнинг янги авлодини шакллантиришдир.

Дастур доирасида Оксфорд университети талабалари ва академик ҳамжамияти вакиллари учун ёзги мактаб ташкил этилмоқда. Ўқув йили давомида унинг иштирокчилари замонавий ўзбек ва чиғатой тилларини ўргандилар, адабий манбалар, қўлёзма мерос ва Марказий Осиёнинг тарихий-маданий муҳити билан танишдилар. Энди назарий билимлар бевосита Ўзбекистонда тил ва маданиятга чуқур сингиш орқали мустаҳкамланади.

Ёзги мактаб 27 августдан 23 сентябргача Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети негизида бўлиб ўтади.

Дастур ўзбек ва чиғатой тиллари бўйича жадаллаштирилган машғулотларни, шунингдек, тарих, адабиёт, тасаввуф, жадидчилик ҳаракати, қўлёзма мерос ва ўзбек киносiga бағишланган маърузаларни ўз ичига олади.

Таълим маршрути Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини қамраб олади. Музейлар, тарихий обидалар, кутубхоналар, ҳунармандчилик марказлари ва анъанавий масканларга ташриф буюриш иштирокчиларга тил, тарих ва мамлакатнинг замонавий ҳаёти ўртасидаги жонли алоқани кўриш имконини беради.

Ёзги мактабнинг айнан Ўзбекистон давлат мустақиллиги байрами кунларида ўтказилиши алоҳида аҳамият касб этади. Бу хорижлик тадқиқотчилар учун нафақат мамлакатнинг бой мероси билан танишиш, балки дунёга очиқ, ўз тарихини ардоқлайдиган ва келажагини ишонч билан барпо этаётган замонавий Ўзбекистонни кўриш учун ҳам имконият тақдим этади.

Ёзги мактаб Оксфорд дастурининг муҳим амалий босқичига айланади: тил дарслик доирасидан чиқиб, кўчаларда, университет хоналарида, музейларда ва жонли мулоқотда янграй бошлайди.

    Бошқа янгиликлар

    “Оксфорд ўзбекшунослик дастури”доирасида Ёзги мактаб бошланди - Darakchi.uz