Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида Сурхондарё вилоятидаги Бойсун–Денов автомобиль йўлининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йилда Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар асосида умумий узунлиги 111 километр бўлган “Дарбанд–Бойсун–Элбаён” автомобиль йўлини қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
30 август куни халқаро пудратчи “Ланкаран Йўл Тикинти” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг биринчи лоти доирасидаги 5–32,5 километрлик йўл қисми тўлиқ қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур йўл қисмида 7 та кўприк ҳамда тунги ёритиш тизими билан жиҳозланган 8 километрлик замонавий пиёдалар йўлаги барпо этилган.
Шу муносабат билан лойиҳанинг 7,1-километрида жойлашган йўл ўтказгичда тантанали тадбир ўтказилди. Узунлиги 60 метр, эни 15,7 метр ва ер сатҳидан баландлиги 9 метр бўлган йўл ўтказгичдаги тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, нуронийлар, фаоллар, мутасаддилар, лойиҳа пудратчилари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маълум қилинишича, йўлнинг мазкур қисми фойдаланишга топширилиши аҳоли ва бошқа ҳаракат иштирокчилари учун қулай ҳамда хавфсиз транспорт қатновини таъминлашга хизмат қилади.






