Ўзбекистон Республикаси Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Бишкек шаҳрида ташкил этилган маданий тадбирларда иштирок этди.
Зироат Мирзиёева Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия ва Хитой Биринчи хонимлари билан биргаликда тадбирларда қатнашди.
Биринчи хонимлар қирғиз халқининг амалий-безак санъати усталари томонидан тайёрланган ижодий ишлар намойиш этилган кўргазма билан танишди.
Шундан сўнг “Салбуурун” миллий федерацияси вакиллари меҳмонларга қирғиз тайганлари ҳамда қўлга ўргатилган бургутларни намойиш қилди. Меҳмонларга қадимий овчилик анъаналари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Маданий дастур якунида олий мартабали меҳмонлар учун “Энесай” қабул уйида Қирғизистон болалар мусиқа ва рақс жамоаларининг концерти ташкил этилди.






