1

ТЕРИНИ ОҚАРТИРИШ ВА ОФТОБДА ТОБЛАНИШ УСУЛЛАРИ

СУҒДИЁНА 03.08.2017, 09:52
ТЕРИНИ ОҚАРТИРИШ ВА ОФТОБДА ТОБЛАНИШ УСУЛЛАРИ

Қуёшда қўл, елка ва бадан терисинитўғри тоблаш ва аксинча, куйган терини қандай қилиб асл ҳолига келтириш кераклигини билиш истагида бўлсангиз, диққат қилинг! Синалган усуллар фақат бизда!

Керак бўлади: картошка, сут, қатиқ, бодринг, кремлар, мойчечак дамламаси, кўк чой, дока

Тери қизаришида

Тери қавати қизариб, ачишишни бошласа, қуйидаги усулни синаб кўринг: сут ёки суюқ қатиққа икки қават докани намлаб, зарарланган терига қўйинг. Компресс қуриб қолмасидан уни алиштириб туринг. Муолажани ачишиш ҳисси тарқагунча бажариш керак. Сўнг тери юзасини енгил артиб, таркибида алоэ шарбати бор кундузги озиқлантирувчи кремдан юпқа қилиб суртинг.

Сутдек оппоқ бўлганга нима етсин?!

1-2 та бодрингни майда тишли қирғичдан ўтказиб, уни 2-3 ош қошиқ спирт билан аралаштиринг. Ушбу масса 2-3 соат салқин жойда тургач, қорайган тери юзасига айланма ҳаракатлар ёрдамида суртинг. Сўнг илиқ сувда енгил чайинг. Бу усулни 2-3 кунда бир марта такрорлаб турсангиз, қорайган тери асл ҳолига қайтади.

Ранг-барангликдан халос бўлиш

Агар қуёш жазирамаси таъсирида елка ва қўлларингиз юз териси рангидан фарқли бўлиб қолса, мана бу тавсия асқотиши мумкин: 2 ош қошиқ творогга 1 дона тухум сариғи ва 2-3 томчи водород перексидини аралаштиринг. Ниқобни елка ва қўлга суртиб, 15 дақиқага қолдиринг. Сўнг илиқ сувда чайинг. Муолажани 2-3 кунда бир марта бажариш кифоя.

Терингиз қуруқми?

Унда қуёшда қорайган жойларни оқартириш учун қуйидаги усулга мурожаат қилинг: 1 ош қошиқ қирғичдан ўтказилган бодрингни 2-3 томчи борат кислотаси билан аралаштириб, 2-3 дақиқага қайноқ сув буғида ушланг. Сўнг қорайган тери соҳасига аста суртиб, 15 дақиқага қолдиринг. Бу усул ёрдамида тери рангги меъёрий ҳолатини тиклайди. Муолажани бир ҳафтада 1-2 марта бажариш мумкин.

Қандай тобланиш керак?

Кўчага чиқишдан аввал “SPF” таркибли кремни тананинг барча қисмига енгил суртиб, 15 дақиқадан сўнг исталган манзилга йўл олишингиз мумкин. Ёз мавсумининг июль-авгут ойлариучун мазкур кремларнинг “30-50+” турлари тавсия этилади. Қуёшдан ҳимояловчи кремни кўчада бўлган вақтингиз бир кунда икки марта суртиш мақсадга мувофиқдир. Ана шунда қуёш нурининг таъсири терига зиён етказмай, у бир текисда тобланади.

Шоколадранг терини истаганлар...

Ҳозирги кунда терига хиёл тобланганлик кўринишини бериш учун махсус кремлар сотилмоқда. Ана шу кремлар кўчага чиқишдан аввал баданнинг барча очиқ соҳасига текис суртилади. Борди-ю, бундай крем бўлмаса, аччиқ дамланган қора цейлон чойини пахтага намлаб, терига суртиш орқали ҳам тоблангандек ранг ҳосил қилиш мумкин. Яна бир усул: таркибида бодринг ёки мойчечак мавжуд бўлган кундузги кремга тўқ рангли ёғупа аралаштириб, баданга суртилади. Бу ҳам тобланганлик кўринишини беради.

Саёҳатга чиқсангиз...

Сув ҳавзалари ёки дам олиш масканларида тобланиш учун мўлжалланган кремни ҳар гал сувдан чиққач, қайта суртиб туриш керак. Агар терингиз таъсирчан бўлиб, юза қавати шилина бошласа, уни асло олиб ташламанг. Қуёшда тобланиш учун аввал 10-15 дақиқа сўнг 30 дақиқа, кейинроқ эса 1,5 соат вақт етарли саналади.

Қичишишпайдо бўлдими?

Одатда, офтобда куйган тери юзаси қичиша бошлайди. Бундай пайтда 2 ош қошиқ мойчечак гулини 1 литр қайнаган сувга дамлаб, бироз совутиш керак. Дамлама илигач, докани намлаб, қичишаётган тери юзасига компресс қилинади. Муолажа кунора бажарилса, теридаги безовталиклар камайиб, унинг меъёрий ҳолати тикланади.

Ёдда тутинг!

Таркиби витамин, озиқлантирувчи қўшимча ва гормонлардан иборат бўлган кремларни дам олиш масканлари ҳамда қуёш тиғида юрган вақтингиз суртмаслик керак. Шунингдек, турли хил мойлар ҳам бундан мустасно эмас. Айниқса, қуруқ тери соҳибалари кўчага отланаётганда бадан терисига мой суртишлари мумкин эмас. Акс ҳолда пигмент доғларга мойиллик юзага келиши мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1