Соғлом турмуш тарзи саломатлик учун ҳам, инсоннинг ташқи кўриниши учун ҳам кони фойда. Ҳар бир аёл эса ҳамиша ёш кўриниш ва сарви қоматини асрашни орзу қилади. Фақат кимдир ошхонада бир пиёла чой ҳўплаб бу борадаги ўй-хаёлларга берилса, бошқа бири «ҳаракатда баракат» деганча орзусини амалга оширишга киришади. Сиз ҳам озиш истагида бўлсангиз, тавсияларимиз айнан сиз учун!
Ҳозирги кунда рекламаларда озишнинг энг замонавий услублари таклиф қилинмоқда. Бугунги кунда аёлларнинг озиш борасидаги орзуси ушалиши учун махсус жиҳозланган, барча шароитларга эга спорт заллари кўп. Уларда истаган спорт турингиз билан шуғулланишингиз мумкин. Аслида аёл зоти иккиланувчан бўлади. Учта кўйлаги бўлса, «қай бирини кийсам экан», деб бир ҳафта бош қотириши мумкин. Бу қадар хилма-хил спорт машғулотлари ичида ҳам ўзига мосини танлаш осон бўлмаса керагов... Қуйидаги маълумотларни билиб олсангиз, бу «бошқотирма» анча ойдинлашади.
Асосий қоидалар
- Қай спорт тури билан шуғулланишингиздан қатъи назар, машғулотдан 2 ёки 3 соат олдин овқатланиш лозим.
- Ярим ёки бир соат аввал овқатланган бўлсангиз, тананинг қуввати ҳазм қилишга сарфлангани боис машғулот асносида кўнглингиз беҳузур бўлиши мумкин.
- Машғулотдан кейин ҳам 1 соат давомида овқатланмаслик тавсия қилинади. Жуда очиқиб кетсангиз, енгил бирор нима (шарбат ёки мева) тамадди қилиб олишингиз мумкин.
- Сувни эса истаганча ичиш мумкин. Фақат кам-камдан, қултумлаб ичинг.
Рақс
Озишни истовчиларга ҳафтада 3 марта, 30‑40 дақиқа мобайнида рақс тушиш тавсия этилади. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, бу озишнинг энг осон, мароқли ва кайфиятни кўтарувчи йўли экан. Ростдан ҳам:
- Осон — у билан шуғулланиш учун ҳеч қандай асбоб‑анжом талаб қилинмайди.
- Мароқли — аёллар қадим‑қадимдан рақса тушишни яхши кўришган.
- Фойдали — таранг тортилган асабларни юмшатади, чарчоқни кетказади, гавдани тутиш учун фойдали, нафас олиш тизимини яхшилайди.
Айтишларича, рақс тушган инсонлар турли шамоллаш касалликларига кам чалинар экан. Арабча рақс аёлларнинг репродуктив тизими, хусусан, бачадонга яхши таъсир кўрсатади, лотин рақсларида эса оёқлар чиниқади.
Рақс билан шуғулланишни истаган аёллар учун маълум бир ёш чегирмаси йўқ. Давомийлиги 1 ой, ҳафтада 3 марта, 1 соатдан.
Шунингдек…
Югуриш, юриш каби спорт турлари ҳеч қандай махсус асбоб ёки тайёргарликни талаб этмаслиги боис улар билан уйда ҳам шуғулланиш мумкин. Фақат бунда бир қоида ёдингизда бўлсин: спорт машғулотлари билан кун ора шуғулланиш лозим. Шунда танангиз ва мушакларингиз зўриқиб қолмайди, бир кунлик танаффусда тана ўзини тиклаб олади ва вазн йўқотиш ҳам бир маромда кечади.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.






