1

Одамларни бахтиёр қилган компьютер тизимидаги бузилишлар

HI-TECH 12.11.2013, 12:22
Одамларни бахтиёр қилган компьютер тизимидаги бузилишлар
Америка матбуоти “Walmart” чакана савдо дўконининг компьютер тизимидаги бузилиш ҳақида хабар қилади.

Бунинг натижасида, маҳсулотларни компания сайти орқали катта чегирмалар билан харид қилиш мумкин бўлган. Масалан, телевизорлар ва компьютерлар 10 доллардан, югуриш йўлаклари 30 доллардан сотилган, “GTA5” компьютер ўйини эса 60 доллардан 18 долларгача арзонлашган. "Российская газета" нашри қизиқарли техник бузилишлар ва уларнинг натижасида миллионерга айланган, арзон нархларда парвоз қилган, қиммат дастурларни бепул янгилаб олган ва метрода бепул юрган одамлар ҳақидаги маълумотларни тайёрлади.
Бепул электрон дастурлар
Дастурлар билан савдо қилувчи “Mac App Store” онлайн-дўкони “маклар” соҳибларига баъзи дастурларнинг синов версияларини бепул янгилаб олиш имконини берди. Бундан ташқари, дастурдаги муаммолар натижасида, электрон қурилмаларида қароқчи нусхалари ўрнатилган кишилар ҳам иловаларнинг қонуний версияларини ўрнатишга муваффақ бўлди. Хусусан, "iWork” ва “iLife”дан ташқари, “Aperture”, “GarageBand”, “iMovie” ва “iPhoto” пакетларини ҳам бепул янгилаб олиш мумкин эди. Ушбу хатодан кўрилган зарар 200 минг долларга баҳоланмоқда.
Ноилож миллионер
Оддий банкомат ишидаги бузилиш туфайли Россиянинг Ростов-на-Дону шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро миллионерга айланди. Шу йил сентябрь ойи охирида 29 ёшли йигит пул ечиб олиш хизматидан фойдаланган ва аппарат унга номинали минг рубллик пуллар ўрнига беш минглик рублларни чиқариб берган. Нақд пулларнинг умумий миқдори 40 минг эмас, 200 минг рублни ташкил этган. Топқир йигит “мўмай пул” ишлаб олиш имконияти борлигини билиб қолиб, ушбу амалиётни яна бир неча марта такрорлаган (унинг картасида 200 минг рублга яқин пул бўлган), кейин эса қочиб кетган. Бироқ тез орада “омадли” йигитни полиция қўлга олишга муваффақ бўлди. Ҳозир унга қарши жиноий иш қўзғатилган.
Самолётга арзон чипталар
“United Airlines” авиакомпаниясининг (АҚШ) компьютер тизимидаги бузилиш натижасида чипталар 10 доллар ва ундан кам нархларда сотилди. Бу ҳақдаги янгилик интернетда яшин тезлигида тарқалиб кетганидан кейин авиаташувчининг сайтига арзон нархларда чипта сотиб олишни истовчилар кўп миқдорда кира бошлаган. Компания вакиллари айнан нечта арзон чипта сотилганига аниқлик киритмади, аммо бузилиш тез орада бартараф этилгани маълум. “United Airlines” раҳбариятининг олижаноблигига қойил қолса бўлади, чунки йўловчилар сотиб олишга улгурган арзон чипталар ҳеч қандай чекловларсиз амал қилган.
Очиқ эшиклар
2011 йил апрелида Янги Зеландиянинг Гамильтон шаҳри аҳолиси маҳаллий “PAKnSAVE” дўконида бепул харидларни амалга ошириш имконига эга бўлганди. Ушбу кутилмаган омад компьютер тизимидаги бузилиш билан боғлиқ. Маълум бўлишича, тизим дўкон эшикларини ходимлар ишга келишидан олдин очган. Юз берган хатолик натижасида дўкон деярли икки соат сотувчиларсиз “ишлаган” ва гамильтонликлар бошларига қўнган омад қушидан яхшигина фойдаланиб қолган. Дўкон хўжайинининг сўзларига кўра, ушбу вазиятга қарамасдан, харидорларнинг тахминан ярми товарларнинг пулини тўлаган. Маҳсулотларни бепул олганларни эса, дўкон маъмурияти қайтишларини ва пулини тўлаб кетишларини таклиф этиб, уларни таъқиб қилмасликка ваъда берди.
Турникетлар бузилиши туфайли метро бепул бўлиб қолди
2007 йилнинг октябрь ойи Токио метроси учун унчалик омадли келмади. Кунларнинг бирида автомат турникетлар бузилиб қолди, улар чипталар ва кўп марталик карталарга жавоб бермай қўйди.
Метрода тиқилинчни ҳосил қилмаслик ва одамларни асабийлаштирмаслик учун маъмурият турникетларни очиб қўйди, шундан сўнг барча хоҳловчилар метрога бепул тушиш имконига эга бўлди. Эрталабки тиғиз пайтга тўғри келган байрам бир неча соат давом этди, кейин яна турникетларнинг нормал ишини тиклашга муваффақ бўлинди.
“Walmart”да хатолик юз берди
“Walmart” дўконига тўхталадиган бўлсак, 10 доллардан телевизор сотиб олишга муваффақ бўлган харидорларга буюм эмас, сарфланган пули қайтариладиган бўлди. Ҳозир кутилмаган “арзон савдолар” сабаби ўрганилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1