“МЕДИА ФОРУМ ЎЗБЕК МИЛЛИЙ МУСИҚА ТАРИХИ БИЛАН ЯҚИНДАН ТАНИШИШ ИМКОНИНИ ТАҚДИМ ЭТДИ”

МАДАНИЯТ 29.11.2017, 15:21
“МЕДИА ФОРУМ ЎЗБЕК МИЛЛИЙ МУСИҚА ТАРИХИ БИЛАН ЯҚИНДАН ТАНИШИШ ИМКОНИНИ ТАҚДИМ ЭТДИ”

“Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси-маърифатли келажак пойдевори” халқаро медиа-форуми доирасида “Яккасарой” ресторанида тўкин дастурхон атрофида “Мумтоз мусиқа кечаси” ўтказилди. Унда қатор санъат усталари ўзбек фольклори намуналаридан ижро этишади. Шунингдек, тадбир иштирокчилари ЮНЕСКОнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси дурдоналари рўйхатига киритилган миллий ўзбек мумтоз мақомлари намуналаридан ҳам баҳраманд бўлишди. Медиа-форум қатнашчиларининг мазкур “Мумтоз мусиқа кечаси” хусусидаги фикрлари билан қизиқдик...

Ирина ПОПОВА, Россия фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти директори: — “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси-маърифатли келажак пойдевори” халқаро медиа-форуми доирасида ўтказилган “Мумтоз мусиқа кечаси”дан олам-олам таассуротлар олдим, ҳис-ҳаяжоним чексиз. Эътиборимни тортган жиҳат, ҳар бир йўналиш бўйича ўз ижодини намойиш қилган ижрочилар турли ёшда экани.

Саҳнада гўё момоларни набиралари, боболарни фарзандлари билан кўргандек бўлдик. Саҳнада намойиш қилинган чиқишларда қариндошчилик ришталари ҳам борлиги кишида илиқлик уйғотди.

Катта экранда миллий мусиқа санъатининг турли йўналишлари тарихига мурожаат қилинди. Улар орасида афсонавий санъаткор Тамарахоним ҳам тилга олинганидан қувондим. Боиси бу ижодкорнинг ижоди билан таниш бўлганман.

Ушбу тадбирда қўшиқ куйлашда ноодатий услуб — ликопчадан фойдаланилишини илк бор кўрдим. Очиғи, бундай ижрони бирорта давлатда кўрган эмасман.

Медиа форумнинг бундай ижодий томонини ўзбек миллий таомларидан иборат тўкин дастурхон атрофида томоша қилиш ҳам таассуротимизни икки карра кўпроқ оширди. Боиси ўзбек миллий таомлари таърифлаб бўлмас даражада мазали тайёрланади.

Сўзимни мухтасар қилсам, медиа форум турли давлатлардан келган мутахассислар билан фикр алмашиш, ўзбек миллий мусиқа тарихи билан яқиндан танишиш ва албатта ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлиш имконини тақдим этди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА. Фотомухбир: Омил ҲАКИМОВ


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1