ТОШКЕНТДА ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ ЯЙРА АБДУЛЛАЕВА ИЖОДИГА БАҒИШЛАНГАН КЕЧА БЎЛИБ ЎТДИ

МАДАНИЯТ 26.12.2017, 17:49
ТОШКЕНТДА ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ ЯЙРА АБДУЛЛАЕВА ИЖОДИГА БАҒИШЛАНГАН КЕЧА БЎЛИБ ЎТДИ

Театр шунчаки саҳна эмас, балки жонли кўзгу. Кўзгу ташқи кўринишимиз ва ундаги камчиликларни кўрсатса, театрда актёрлар турли образлар орқали феъл-атворимиз, турмуш-тарзимиздаги нуқсонларни, инсонларнинг асл қиёфасини очиқ-ойдин намоён этади. Санъаткорлар ижро этаётган образлар орқали ўзимизнинг кичик оламимиздан чиқиб, атрофимизда юз бераётган, аммо биз илғамаган ҳаёт ҳақиқатларини, турмушнинг паст-баландини англаймиз.

Бу жиҳатлар Ўзбек Миллий академик драма театри таниқли намояндаси – Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева ижодига бағишланган кечада қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, ёзувчилар, шоирлар, драматурглар, ёшлар қатнашди, деб маълум қилди Ўза.
Яйра Абдуллаева кўплаб саҳна асарларида бош ролларни ижро этган. “Қутлуғ қон”да Гулнор, “Бой ила хизматчи”да Гулбаҳор, “Мирзо Улуғбек”да Гавҳаршодбегим каби образларни етук ва профессионал даражада ижро этиб, ўзбек театр санъати тарихида ўзига хос ўрин эгаллаган актёрлардандир.

Шунингдек, Я.Абдуллаева кинода яратган Гулбаҳор, Дилдор, Раъно, Саодат ва бошқа образлар ёрқинлиги, жозибаси билан алоҳида диққатга сазовордир. Бу образлар талқинида ҳам актриса ижодининг ўзига хос муҳим индивидуал қирралари кўзга ташланиб туради.

– Ҳалол меҳнат қилиш, камтарлик, санъаткор шаънига доғ туширмаслик сингари одатлар Яйра опанинг ажралмас фазилатлари ҳисобланади, – дейди Ўзбек Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов. – Устоз санъаткор ижро этган қаҳрамонлар қувонса кулиб, йиғласа ғамга ботадиган томошабинлар кўп. Сабаби – ижодкор ролни ўта таъсирчан, бор вужуди билан ижро этади. Шу боис у ижро этган роллар доим томошабинлар олқишига сазовор бўлиб келмоқда.

Ижодий кечада «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан устоз актриса ҳаёти ва фаолиятига оид ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1