АсосийMadaniyat

Орзу лайнерлари ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди

'Орзу лайнерлари ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди'ning rasmi

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Орзу лайнерлари Ўзбекистон сари» деб номланган ҳужжатли фильм намойиши бўлиб ўтди.

"Ўзбеккино" миллий агентлиги томонидан суратга олинган мазкур ҳужжатли фильм мустақиллик йилларида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпаниясининг босиб ўтган шонли йўли ва унинг фаолиятига бағишланган. Фильм таниқли журналист Борис Бобоев, режиссёр Дилшод Назиров ва оператор Анвар Азизхўжаев ижодий ҳамкорлигида томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси ўзининг замонавий аэропортлари ва самолётлари, юқори малакали учувчилари ва халқаро талабларга мос хизмат кўрсатиш даражаси билан ўз нуфузига эга. Соҳага қаратилаётган эътибор туфайли бугунги кунда замонавий ҳаво кемалари, хусусан, Боинг-787 (Dreamliner) самолётлари билан таъминланган Миллий авиакомпания халқаро авиаташувлар тизимида муносиб ўрин эгаллайди. “Ўзбекистон” ёзуви туширилган авиалайнерлар дунёнинг кўплаб давлатларига парвозларни амалга ошираётгани эътиборга лойиқдир.

– "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси равнақи ва фаолиятини ёритиб берувчи мазкур фильм барчага манзур бўлади, деган умиддамиз, – дейди фильм муаллифи Б.Бобоев. – Чунки у Миллий авиакомпаниямизнинг иш тартиби, унинг жамоаси, учувчилари ва йўловчилар ҳақида. Қолаверса, фильмда кейинги йиллардаги ўзгаришлар ва юртимиз ҳаво йўлларида Боинг-787 (Dreamliner) самолётлари ўз ўрнига эга бўлиб бораётганига ҳам алоҳида эътибор берилган. Миллий авиакомпаниянинг етакчи мутахассислари, учувчилар, йўловчилар, "Боинг" корпорацияси мутахассислари фикрлари фильмнинг мазмун-моҳиятини янада очиб беради.

Тадбир иштирокчилари «Орзу лайнерлари Ўзбекистон сари» ҳужжатли фильмининг яратилиши ҳақида ўз фикр-муносабатларини билдирди.

    Бошқа янгиликлар