2018 йилда Япониянинг Йокогама шаҳри яқинида “Ақлли Цунасима” мегаполиси барпо этилади. Қурилиш ишларига 10 йирик компанияни ўзида жамлаган консорциум киришиб кетди.
Маҳаллий ҳокимият томонидан қўллаб-қувватланаётган лойиҳа ташаббускорлари Panasonic ва Nomura Real Estate Development корпорацияларидир. Улар “Ақлли шаҳар”нинг концепциясини тақдим қилишди.
Тўғри, шаҳарда фантастик фильмлардаги каби учар таксилар бўлмайди. Аммо жорий этиладиган технологияларнинг қиёси йўқ. Шаҳарнинг катта қисми савдо уйларига берилади. Марказда илмий-тадқиқот лабораториялари, Кейо университети талабалар кампуси, савдо-кўнгилочар даргоҳлар жойлашади.
Энергиядан самарали фойдаланувчи технологиялар қўлланилиши атмосферага чиқадиган ис газини 40 фоиз қисқартиради. Сув истеъмоли 30 фоиз камаяди. Энергиянинг 30 фоизи табиий манбалардан олинади. Бундан ташқари, фавқулодда ҳодисалар юз берганда, шаҳар уч кун мобайнида ўзини ўзи энергия ва бошқа ресурслар билан таъминлайди.
Энергомарказ шаҳарнинг “юраги”да жойлашади ва электр ишлаб чиқариш ҳамда таъминотни мувофиқлаштириб туради. У барча иншоотларни экологик тоза энергия билан таъминлайди. Tokyo Gas Group компанияси бу ерга юқори самара берувчи иссиқлик ва энергия ишлаб чиқарадиган тизим ўрнатади.
Электр энергияси орқали пайдо бўлган иссиқлик уйларни ва сувни иситади. Шаҳарга газ зилзила ва бошқа табиий офатларга бардошли махсус қувурлар орқали етказиб берилади.
Цунасимада экомобиллар ҳаракатланади. JX Nippon Oil & Energy корпорацияси барпо этадиган водород қуйиш станциялари экологик автомобилларни ёнилғи билан таъминлайди.
Замонавий технологиялар Кейо университетининг халқаро кампусида турли мамлакатлардан келиб таҳсил олаётган талабаларнинг оғирини енгил қилади. Махсус жиҳозлар ҳавонинг софлигини таъминлашга хизмат қилади.
UNY компаниясининг ақлли савдо-кўнгилочар марказида аҳоли онлайн тарзда озиқ-овқатларга буюртма бериши мумкин. Томларга ўрнатилган қуёш панеллари шаҳар марказини қўшимча электр билан таъминлайди. Кўчаларга ўртатилган ёруғлик-диод тизимлари орқали ҳар қандай маълумотни олиш имконияти мавжуд бўлади. Дўконларда қандай махсулот борлиги, уларнинг нархи, йўллардаги вазият, об-ҳаво маълумоти шулар жумласидандир. Таржима тизими эса хорижликларнинг савдо марказидаги юмушларини енгиллаштиради. Кўп тармоқли видоекузатув тизими хавфсизликни таъминлайди.
Цунасима аҳолиси учун махсус ақлли уйлар қурилади. Ҳар бир хонадонга Smart HEMS тизими ва маиший аккумуляторлар ўрнатилади. Улардан фойдаланган аҳоли кундалик одатларидан воз кечмаган ҳолда экологик тоза турмуш тарзидан баҳраманд бўлади.
Шаҳарда лифт билан боғлиқ муаммо деярли бўлмайди. Электр манбаи узилиб қолган тақдирда ҳам махсус аккумуляторлар ёрдамида одамлар лифтлардан бемалол фойдаланаверади.
13.02.2018 22:02
Японияда "Ақлли Цунасима" мегаполиси барпо этилади
