1

“Бунёдкор” рақиби “Ал Ҳилол”га жарима солиниши мумкин

СПОРТ 10.05.2014, 11:52
“Бунёдкор” рақиби “Ал Ҳилол”га жарима солиниши мумкин

Саудия Арабистонининг “Ал Ҳилол” клуби ОФК томонидан 1000 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақда Championat.Asia сайти хабар бермоқда.

“Чунки бу жамоа ўйиндан олдинги матбуот анжуманида ОЧЛ регламентининг бир бандига амал қилмади”,-дейилади хабарда.  

Осиё чемпионлар лигаси регламентининг 54-моддаси матбуот анжуманларига бағишланган бўлиб, ўйиндан олдинги матбуот анжуманида ҳар иккала жамоадан бош мураббий ва бир нафар футболчи иштирок этиши шарт қилиб қўйилган. 

Фақат гап шундаки, матбуот анжуманига келган футболчи эртаси кун жамоасининг асосий таркиби майдонга тушиши лозим бўлади. Бу ҳақда 54-модданинг “b” бандида ёзиб қўйилган. Матбуот анжуманига мураббий асосий таркиб футболчиси билан келиши керак деган ёзув бор ОЧЛ регламентида. Масалан, “Бунёдкор”дан Олег Зотеев иштирок этди ва ўйинни асосий таркибда бошлади. 

Аммо “Ал Ҳилол” бош мураббийи Сами Ал Жабер регламентнинг мана шу жойига амал қилмади. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманига аввалига Муҳаммад Ал Шлҳубнинг келиши кутилганди, бироқ мураббий ўзи билан 17-рақамдаги Абдуллоҳ Ал Ҳафитни олиб келди. 1992 йилда туғилган футболчи эса эртаси куни нафақат асосий таркиб, балки захирадигилар рўйхатига ҳам киритилмади. Умуман олганда, бу футболчи Осиё чемпионлар лигасининг ҳозирча бирорта ўйинида майдонга тушгани йўқ. 

“Бу билан Сами Ал Жабер регламентнинг айнан шу бандига амал қилмаган бўлиб чиқяпти ва “e” бандига кўра минг доллар миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида мана шунақа ҳолат рўй берганини ОФКда ишлайдиганлар инобатга олдими-йўқми, бунисидан ҳозирча бехабармиз”,-дея қайд қилиб ўтади Championat.Asia. 

Эслатиб ўтамиз, бир неча ҳафта аввал Қатарнинг “Ал-Жаиш” клуби Осиё Футбол Конфедерациясига расмий шикоят ёзиб, “Бунёдкор” ФКни ОЧЛ-2014 мусобақаларидан четлатишни сўраганди. Қатарликлар саралаш баҳсларида “Локомотив” сафида тўп тепган ҳимоячи Анвар Ғофуровни турнирнинг гуруҳ босқичида “Бунёдкор” жамоаси учун ўйнаётганини хато деб кўрсатишган.

2 май куни эса ОФКнинг тартиб-интизом қўмитаси йиғилиш ўтказди ва “Ал-Жаиш” эътирози ўринсиз деб топилиб, “Бунёдкор” мусобақани давом эттириши маълум қилинди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1