1

Ўзбекистонлик ака-ука мактаб ўқувчилари жаҳон чемпиони бўлишди

СПОРТ 18.06.2014, 18:08
Ўзбекистонлик ака-ука мактаб ўқувчилари жаҳон чемпиони бўлишди

Грециянинг Кавала шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида рапид – тезкор шахмат бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар чемпионликни қўлга киритишган эди. Шахматнинг блиц йўналиши бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам ака-ука Синдоровлар Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, яна олтин медални қўлга киритди, ўз ёш тоифасида дунёда тенгсиз эканини исботлади, дея хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий сайти. 

Шахмат кишидан юксак ақл-заковат, сабр-матонат ва иродани талаб қиладиган ўта мураккаб ўйин. Блиц ўйинлар эса унданда қийинроқ. Зеро, бу ўйинда шахматчи ўз юришларини жуда қисқа вақт ичида – яшин тезлигида (“блиц” сўзи немисчада “яшин” деган маънони беради) амалга ошириши керак бўлади. Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар бу вазифани аъло даражада бажарди.

Нуфузли мусобақанинг етти ёшгача бўлган шахматчилар баҳсида иштирок этган Исломбек тўққиз партиянинг саккизтасида ғалаба қозониб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, тўққиз ёшгача бўлган спортчилар ўртасида ўз иқтидорини намойиш этган Жавоҳир етти ғалаба ва икки дуранг билан олтин медални қўлга киритди.

Ака-ука чемпионлар ўтган йили Эронда 18 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида шахмат бўйича ташкил этилган Осиё чемпионатидаги муваффақияти билан ҳам мамлакатимиз спорт обрўсини кўтаришга муносиб ҳисса қўшган.

Исломбек рапид ва блиц турнирларда ҳамда классик шахмат бўйича учта олтин медални қўлга киритган, Жавоҳир эса блиц турнирда терма жамоамиз ҳисобига кумуш медаль келтирган эди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1