Афғонистоннинг Панжшер вилоятида сув тошқини натижасида кўчкилар содир бўлди. Ушбу ҳолат ҳудудда катта талофатларни келтириб чиқарган, дея хабар қилмоқда Report нашри.
Панжшер вилоятининг шимолидаги қишлоқларда содир бўлган кўчкилар туфайли 10 киши қурбон бўлди. Шунингдек, табиий офат 300 та уйни бутунлай вайрон бўлишига олиб келган. Тошқинлар бир неча қишлоқларда давом этмоқда. Ҳудудга қидирув-қутқарув гуруҳи етиб келган, улар тирик қолганларни қутқариш учун тинимсиз иш олиб боришмоқда.
Жараёнга 2 та вертолёт ҳам жалб қилинган. Ҳукумат қурбонлар сони ортиши мумкинлигидан ҳавотирда. Афғонистоннинг бир неча ҳудудларида баҳорда қор эриши сабаб сув тошқинлари содир бўлиб туради. Бошпанасидан айрилган одамлар ҳозирча турар жой билан таъминланмаган. Мамлакат президенти Ашраф Ғани Брюселда бўлиб ўтган НАТО саммити чоғида ёрдам сўраб мурожаат қилган.






