АсосийSport
3061

Сервер Жепаров: «Осиё чемпиони бўладиган пайт келди»

Ўзбекистон Миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров "Интерфутбол" газетаси мухбири билан бўлган суҳбатда "Осиё чемпиони бўлиш фурсати етди. Негадир, мен шунга ишоняпман. Иложсиз нарсанинг ўзи йўқ" дея таъкидлади.

Қуйида ушбу суҳбатни Сизинг эътиборингизга ҳавола қиламиз.

- Сервер, бугунги (суҳбат 14 октябрь куни уюштирилган, - муал.) ўйинга тўхталишдан аввал БААда ташкил этилган йиғин ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик.

- Ҳаммаси ажойиб тарзда ўтди. Маълум танаффусдан сўнг терма жамоадаги дўстларимиз билан яна бир жойда жам бўлдик. Лекин БААдаги иссиқ ҳаво тўлақонли ишлашимиз, бор имкониятларимизни намойиш этишга бироз тўсқинлик қилди. Намлик жуда юқори. Ўзга иложимиз ҳам йўқ. Кейин бу биз учун янгилик ҳам эмас.

- Баҳрайн билан ўтказилган ўйин ҳақида қандай фикрдасиз?

- Рақибимизга нисбатан анча яхши ўйнадик. Шунга яраша кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтирдик. Лекин ҳужумларни голга айлантира олмадик. Албатта, ўша ўйинда бир-биримизни тушуниб ҳаракат қилишимиз бироз панд бериб қўйди. Ўйин амалиёти ҳам бу ерда муҳим роль ўйнайди. Аммо умумий олганда, ўша куни кўрсатган ўйинимизни ижобий дея баҳолаш мумкин. Бу менинг шахсий фикрим. Кимдир унга қўшилмас. Ҳар доим ҳам ўйлаган режалар амалга ошавермайди. Кучли жамоалар ҳам ҳамиша гол уриб, ғалаба қозонаверишмайди. Масалан, куни кеча Евро-2016 доирасида Голландия терма жамоаси Исландияга 0:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Бундай натижани ҳеч ким кутмаганди. Назаримда, Исландиянинг ўзи ҳам. Биз-ку ўртоқлик учрашувида нурсиз дуранг қайд этдик. Янги Зеландия билан бўлган ўйинни эсланг. Ўшанда қулай вазиятлардан унумли фойдалангандик. Истардимки, расмий баҳсларда ҳам шундай сермаҳсулликни кўрсатайлик.   

- Лекин ҳозирги таркиб бир-бири билан бир неча йилдан бери ўйнаб келяпти-ку!

- Тўғри. Бироқ таркибга ёш футболчилар ҳам қўшилишаётганини ҳам унутмаслик керак. Уларнинг терма жамоа ўйин услубига тўлақонли қўшилиб кетишлари учун вақт керак бўлади.

- Ёшларнинг ўйинлари қандай таассурот қолдирди?

- Яхши. Энг муҳими, уларда ишонч бор ва ўзлари учун тақдим этилаётган имкониятдан максимал даражада фойдаланиб қолишлари лозим. Ҳар доим ҳам бундай имконият юзага келмаслиги мумкин.

- Ҳужумда барибир муаммолар сақланиб қоляпти. Бу фикрга қўшиласизми?

- Мураббийлар бор имкониятдан фойдаланишяпти. Шундай экан, ҳозир мавжуд бўлган ҳужумчилар билан ишлаш керак. Терма жамоага чақириляптими, демак, у шунга муносиб. Лекин муносиб эканлиги, мураббийлар ишончини оқлаш бошқа масала.

- Айни пайтда терма жамоамиз тўғри йўлдан кетяптими?

- Бу саволга жавоб бера олмайман. Мураббийлар терма жамоа муваффақияти учун ҳаракат қилишяпти. Уларни қўллаб-қувватлашимиз керак.

- Январь ойида Австралияда бўлиб ўтадиган Осиё кубогидан қандай иштирок ва натижа кутяпсиз?

- Энг юқори натижани. Осиё чемпиони бўлиш фурсати етди. Негадир, мен шунга ишоняпман. Иложсиз нарсанинг ўзи йўқ. Ҳаммаси ниятга ва ҳаракатга боғлиқ. 

- Лекин Осиёда футбол тез ривожланиб бораётганини ҳам унутмаслик керак...

- Фикрингизга қўшиламан. Бизда кучли таркиб шаклланган. Терма жамоамизни Осиёдаги рақиб жамоалар ҳурмат қилишади ва керак бўлса, қўрқишади ҳам.

- Таъбир жоиз бўлса, сизнинг иккинчи ватанингизга айланган Жанубий Кореяда бўлиб ўтган 17-Осиё ўйинларида қатнашган терма жамоамизнинг омадсиз иштироки ҳақида нима дейсиз?

- Менинг битта Ватаним бор - Ўзбекистон! Кореяда бир неча мавсумдан бери ўйнаяпман. Тўғри, сиз айнан шуни назарда тутдингиз. Кореяда футболчилар ҳарбий хизматдан озод қилинади. Афсус, Осиё ўйинлари биз учун жуда эрта якунланди. Тайёр ғалабани рақибга бериб қўйдик. Шуниси ёмон бўлди. Барчаси футболчиларимизнинг қўлида эди. Шундай учрашувни ютқазганимиз яхши бўлмади. Бундан 20 йил аввал қўлга киритилган натижани такрорлаш терма жамоамиз олдига вазифа сифатида қўйилган эди. Таркиб ҳам кучли бўлиб, ғолиб бўлиш учун барча имкониятлар етарли бўлганди. Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради. 

- Сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юборяпмиз. Бу ҳолатни ёшларимизда ҳам, ўсмирларимизда ҳам кўриш мумкин. Сизнингча, бу касалликми?

- Менимча вирус (кулади).

- Энди бугунги ўйин ҳақида тўхталсангиз. Энг муҳими, йирик ҳисобдаги ғалабага ўз голингиз билан ҳисса қўшдингиз.

- Ниҳоят, чиройли ғалабани қўлга киритдик. Учрашувдан-учрашувга терма жамоамизнинг ўйини очилиб боряпти. Бу мураббийларни ҳам, футболчиларни ҳам хушнуд этяпти. Бугун ҳамма яхши ўйнади.

- Жамоангиз «Сеонгнам» Корея К-лигасида 9-ўринда боряпти. Албатта, бу қониқарсиз натижа. Клуб раҳбарияти буни қандай қабул қиляпти?

- Жамоамиз олдига К-лигадаги ўрнимизни сақлаб қолиш вазифа қилиб қўйилган.

    Бошқа янгиликлар