1

Фаввораларда чўмилиш мумкинми?

ЖАМИЯТ 23.07.2019, 14:30
Фаввораларда чўмилиш мумкинми?

Ёз мавсуми бошланиши билан шаҳримиз кўркига кўрк қўшадиган салқин шабадаси билан кўнгилга ором бағишлайдиган фавворалар ишга туширилади. Фавворалар атрофида айланиб юрган катта-ю кичик юртдошларимизни, айниқса қийқириб чопиб юрган болажонларни кўриб дилинг яйрайди. Лекин баъзида фонтан ичида чўмилаётган болаларни кўриб, наҳотки уларнинг ота-оналари фаввораларига чўмилиш мумкин эмаслиги ҳақида болаларини огоҳлантиришмаган экан, деган ўйга борасан.

Балки бу ҳақда кўпчилик билмас. Келинг, бўлмаса шу ҳақда суҳбатлашамиз. Масалан, шаҳар марказида ёки хиёбонда чиройли бир фаввора отилиб турибди. Уни доимий равишда тозалаб, ювиб туришади, қуйиладиган суви берк айлана ичида бир неча ҳафта айланади. Гўёки ҳеч қандай хавфли томони йўқдек туюлади. Лекин фаввораларнинг тозалиги ҳақидаги фикримизни ўзгартирадиган бир нарса борки, у ҳам бўлса уларнинг қуёш тиғи, очиқ осмон остида турганлигидир. Дейлик, бир қуш тепадан учиб ўтди ва сувга ахлатини туширди, қарабсизки фаввора сувида гижжа личинкалари пайдо бўлди. Ёки бир кучукча чопиб келиб сув ичди ва чўмилиб олди, личинкалар сони яна кўпайди. Қуёш тиғи эса сув ҳароратини ошириб, уларнинг янада кўпайишига шароит яратиб берди. Шунинг учун фаввораларда чўмилиш турли хил тери, ошқозон-ичак, гепатитлар, гельментозлар ва бошқа касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Фавворалар сувлари махсус чўмилиш бассейнлари каби дезинфекция воситалари билан зарарсизлантирилмайди. Ундан ташқари, сув отилиб туриши учун қурилган махсус қиррали мосламалар ҳам чўмилаётганларни жароҳатлаши мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, фавворалар меъморчилик - декоратив элемент ҳисобланиб, маълум ҳудуднинг микроиқлимини мўътадиллаштиришга хизмат қилади ва уларда чўмилиш ёки сувини ичиш қатъиян ман этилади.

Дилдора Мирбобоева Республика ДСЭНМ ОАВ бўлими мудири

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1