1

Муддатидан олдин ҳарбий унвон ва қимматбаҳо совғалар: “АрМИ – 2019” ғолиблари муносиб тақдирланди

ЖАМИЯТ 25.08.2019, 09:05
Муддатидан олдин ҳарбий унвон ва қимматбаҳо совғалар: “АрМИ – 2019” ғолиблари муносиб тақдирланди

Кеча, 24 август куни пойтахтимиздаги Ёшлар марказида “АрМИ – 2019” Халқаро армия ўйинлари ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, ҳарбий округлар қўмондонлари, давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари ҳамда Ўзбекистон нуфузини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилган ҳарбий хизматчиларнинг яқинлари иштирок этди.

“Мен барчаларингиз билан фахрланаман, сизлар билан бутун Ўзбекистон фахрланади. Нуфузли халқаро армия ўйинларида муносиб иштирок этиб, юртимиз байроғини янада баландларга кўтариб, бизда ўзгача ифтихор ва ғурур ҳиссини уйғотдинглар. Сиз каби жасур ва мард ўғлонларимиз бор экан, армиямиз доим биринчи бўлиб қолади”, деди тадбир давомида сўзга чиққан мудофаа вазири.

“Ёшлар марказида” да ўтказилган бугунги тадбирда мудофаа вазири бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларни муддатидан олдин ҳарбий унвон ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3-17 август кунлари 10 та давлат ҳудудида “АрМИ – 2019” халқаро армия ўйинлари бўлиб ўтди. Мазкур тадбир доирасида 39 та давлатдан 32 та номинацияда 222 та жамоалар беллашди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигидан 14 та жамоа иштирок этди.

“Танк биатлони” ва “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловида қатнашган жамоамиз совринли I ўринни, “Содиқ дўст”, “Рембат”, “Эльбрус халқаси”, “Қўшинлар разведкаси аълочилари” – II ўринни ҳамда “Хавфсиз маршрут”, “Мусаффо осмон”, “Йўл патрули”, “Дала ошхонаси”, “Артиллерия олови устаси” – III ўринни эгаллади.

2019 йилда жамоаларимиз 14 та номинациядан 11 тасида (80%) совринли ўринларни эгаллаганлиги, ўтган йилги натижаларнинг сонига нисбатан қарийб 2 баробарга ортганини кўрсатмоқда.

“АрМИ – 2019” халқаро армия ўйинлари бу йилги натижаларига кўра барча иштирок этган давлатлар ўртасида Ўзбекистон 5 – поғонани эгаллади.

Шу билан бирга, Мудофаа вазирлиги жамоалари таркибида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган ҳарбий хизматчилар “АрМИ – 2019” халқаро армия ўйинларида муносиб иштирок этиб, 10 дан ортиқ йўналишларда рекорд натижаларни қайд этди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1