АсосийJamiyat

Ўзбекистон ва Туркиянинг гастрономик туризмни ривожлантирувчи уюшмалари ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди

'Ўзбекистон ва Туркиянинг гастрономик туризмни ривожлантирувчи уюшмалари ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди'ning rasmi

Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги жамоат ташкилотлари ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари Туркия Гастрономик туризм уюшмаси (GTD)га ташриф буюрди. Ташриф Турк дунёси Маҳаллий ҳокимиятлар бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. 13 сентябрь Ўзбекистон ва Туркия Гастрокомик туризми уюшмалари учун муҳим сана бўлди. Туркия Гастрономик туризми уюшмаси раиси Гуркан Бўзтепе билан бўлиб ўтган учрашув якунига кўра, гастрономик туризмни ривожлантиришга доир икки томонламали ҳамкорлик битими имзоланди.

Ҳужжат Туркияда ҳар йили ўзбек ошхонаси ҳафталигини ўтказиш ва Туркия меҳмонхоналарида ўзбек нонуштасини жорий қилишни кўзда тутади. Шунингдек, Туркиянинг 5 юлдузли меҳмонхоналари бош ошпазлари учун Ўзбекистон ошпазлари томонидан “Ўзбек нонуштаси” бўйича махсус тренинглар ташкил этилади. Меҳмонхона ресторанида ҳафтанинг бир куни “Uzbek cuisine day” деб эълон қилиниши ва бу кунда ресторан менюсидан фақат ўзбек миллий таомлари жой эгаллаши кутилмоқда. Бундан ташқари, Фотиҳ тумани ҳокимлигида “Фотиҳда туризм соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш” тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда туризм соҳасида эришилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилаётган камчиликлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, туристлар томонидан меҳмонхона ва ресторанлар бўйича жиддий эътироз ва салбий фикрлар интернет сайтлар орқали тизимли таҳлил этилиб, жойларга чиққан ҳолда ўрганилаётгани таъкидланди. Қайд этиш жоизки, ҳар йили ёз мавсумида 500 нафар кўнгилли ёшлардан иборат “Туризм элчилари” лойиҳасига старт берилади. Турк ва бошқа тилларни билган ёшлар махсус суҳбат асосида танлаб олинади ва улар учун махсус ўқув машғулотлари ташкил этилади ҳамда велосипед билан бирга керакли материаллар тақдим этилади. Кўнгилли ёшлардан иборат “Туризм элчилари”га кунлик егулик ва йўлкира пули ўртача 5 АҚШ доллари миқдорида ажратилади. Шунингдек, "Ask me" (“Мендан сўра”) ёзуви туширилган футболка ва кепкалар тарқатилади.

    Бошқа янгиликлар