Глобал иқтисодий ўсиш суръатлари сўнгги ўн йилликдаги энг паст кўрсаткичга қадар тушиб бораётгани ойдинлашди. Бу ҳақда Euronews.com нашри хабар берди.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти экспертларининг фикрича, жорий йилда дунё ялпи ички маҳсулотининг ўсиши кутилганидан кўра анча паст бўлади ва 2,9 фоизни ташкил этади. Иқтисодчилар мамлакатлар ҳукуматлари савдо муносабатларидаги кескинликни тўхтатишга ва инфратузилмаларни ривожлантиришга даъват этишмоқда. Борди-ю, бу борада зарур чоралар кўрилмаса, иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари пастга шўнғишда давом этади.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг тавсиялари Европа Марказий банки ҳисоб-китобларига деярли мутаносибдир. Ташкилот маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи давлатларида ялпи ички маҳсулот ўсиш кўрсаткичлари жорий йилда 1,1 фоизни ва 2020 йилда эса 1 фоизни ташкил этади. Экспертлар фикрича, келишувсиз Брексит жараёни рўй берадиган бўлса, Бирлашган қироллик ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 2 фоизга қисқариб кетади ва мамлакат иқтисодиёти турғунликка юз тутади.