АсосийJamiyat

Қашқадарёда кўпкари мусобақалари бўлиб ўтмоқда

'Қашқадарёда кўпкари мусобақалари бўлиб ўтмоқда'ning rasmi

Халқимизда байрамлар, тўй-томошалар олдидан кўпкари мусобақаларини уюштириш одат тусига кирган. Кўпкари (улоқ) – Ўрта Осиё халқларининг қадимий миллий, оммавий, ўйинларидан бири. Ушбу мусобақа асосан ғалаба ва ҳосил байрамлари, тўй ва сайллар муносабати билан ўтказилган. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

У кўпроқ хатна (чипрон) тўйларида расм бўлган. Улоқ туркий халқлар, айниқса, унинг қўнғирот, қурама, минг, манғит, ойрат, ёйилма, кенегас, қипчоқ, барлос каби уруғлари орасида оммалашган. Улоқ томошалари олдидан махсус жарчилар қишлоқ, овулларга юборилиб, одамлар гавжум жойларда, бозорларда Улоқ ким томонидан, қаерда ва нима мақсадда ўтказилаётгани ҳамда қўйиладиган совринларни эълон қилган. Кўпкари турли жойларда ҳар хил қоида бўйича (чортоқ, судратма, марра, пойга, пакка, минбар ва бошқа номлар билан аталган) уюштирилган. Улоқ кўнгилочар томоша ёки шунчаки ўйин бўлмасдан, ўғил болалар, йигитларни мард, жасур, эпчил, довюрак қилиб тарбиялаш усулларидан бири ҳисобланган.

Улоқ ўйинлари от наслини яхшилашга, унинг чидамли, тез ҳаракат қиладиган зотларини кўпайтиришга ёрдам бергагн. Қорабайир, араби, ахалтекин, қурама, лақай, кустанай, қорабоғ ва Орлов от зотлари улоқчи отлар ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, кўпкари каби миллий ўйинларимиз бугунга қадар кўплаб хорижий сайёҳлар эътиборини тортиб келмоқда. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 мартдаги “Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 198-сон қарорида баҳор ва куз ойларида “Кўпкари” миллий ўйинларини ташкил этиш ва уларга хорижий ва маҳаллий туристларнинг ташрифини ташкил этиш вазифаси юклатилган эди.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида куз мавсумида Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтадиган “Кўпкари” мусобақалари тўғрисида маълумотларни тарқатиш мақсадида телеграм тармоғида @Kupkariuz канали жорий этилди.

Қашқадарё вилоятида 2019 йил куз мавсумида бўлиб ўтадиган мусобақалар жадвали қуйидагича:

22 сентябрь – Яккабоғ тумани Татар қишлоғида катта кўпкари;

28 сентябрь – Яккабоғ тумани Сувли сой қишлоғи;

6 октябрь - Яккабоғ тумани Ҳайдарбулоқ қишлоғи;

12 октябрь - Яккабоғ тумани Хайрсолди қишлоғи;

13 октябрь - Яккабоғ тумани Чакар қишлоғи;

26 октябрь - Яккабоғ тумани Татар қишлоғи;

3 ноябрь - Яккабоғ тумани Татар қишлоғи.

    Бошқа янгиликлар