1

“Келинимни уйдан чиқариб юборишга ҳаққимиз борми?”

САВОЛ-ЖАВОБ 30.09.2019, 13:10
“Келинимни уйдан чиқариб юборишга ҳаққимиз борми?”

— Ўғлим ёқтирган қизига уйланди, боласи туғилгунча иноқ эди. Аёлимнинг гапига кириб, келинни уйимга “прописка”га қўйгандим. Аммо келишмовчилик сабаб ўғлим билан ажрашди. Ўғлим фарзанди учун алимент тўлаяпти. Келин эса ҳамон уйимизда биз билан бирга яшаяпти. Бироқ хотинлик, келинлик вазифаларини бажармайди. Келинимни уйдан чиқариб юборишга қонуний ҳақлимизми?

Р. Аҳмедова, Тошкент вилояти

О. ПАРПИБОЕВА, Тошкент вилоят ҳокими ўринбосари Хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Мурожаатингизни ўрганиш жараёнида ўғлингиз 2013 йил Чиноз туманида яшовчи фуқаро билан оила қургани, бир нафар фарзанди борлиги, оилада доимий равишда келишмовчиликлар бўлгани аниқланди. 2015 йилда ФИБ Зангиота туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи билан келинингиз уйга киритилган, бироқ оилавий келиш-мовчиликлар бугунги кунга қадар давом этаётгани, алиментни ўз вақтида тўланаётгани маълум бўлди. Бир неча йиллардан буён яраштириш учун чоралар кўрилган, ўғлингизнинг оиласи МФЙнинг нотинч оилалар рўйхатига киритилган. Келинингизни уйдан чиқариб юбориш борасидаги низоли ҳолат юзасидан ФИБ Зангиота туманлараро судига мурожаат этиш тавсия этилади.

Шерзод РАЖАБОВ, Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси:

— Амалдаги уй-жой қонунчилигига кўра, турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб, у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек, мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини (яъни келини ёки куёви), агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.

Агар, келинингизни уй-жойга рўйхатга қўйиб, келинингиз сизлар билан бирга яшаган бўлса, у ҳам фарзандингиз сингари оила аъзоингиз ҳисобланади.

Уй-жой кодексининг 74-моддаси талабига кўра, агар турар жой мулкдорининг оила аъзоси турар жойни бузаётган ёхуд шикастлантираётган ёки ундан ўз мақсади бўйича фойдаланма-ётган ёхуд турмуш қоидаларини мунтазам бузиб, бошқаларнинг у билан бир квартира ёки бир уйда яшаш имконини бермаётган бўлсалар, бунда огоҳлантиришлар ва жамоат таъсир чоралари натижа бермаган бўлса, турар жой мулкдори ёки ўзга манфаатдор шахсларнинг талаби бўйича айбдорларни кўчириш бошқа турар жой бермасдан амалга оширилади.

Келинингиз томонидан юқорида кўрсатилган ҳолатлардан бири содир этилган деб ҳисобласангиз, уйингиз жойлашган ҳудуддаги ФИБ судга келинингизни бошқа турар жой бермасдан кўчириш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1