АсосийSalomatlik

Эрталабки бош оғриғининг сабаби нима?

'Эрталабки бош оғриғининг сабаби нима?'ning rasmi

“Баъзан эрталаб бош оғриғи билан уйғонаман. Бунинг сабаби нима бўлиши мумкин? Хавфли эмасми?”

Нафосат, Тошкент вилояти 

Нодира ҲАМРОЕВА, терапевт:

Эрталаб уйқудан уйғонмасдан бош оғриётганини ҳис этиш ёки ўриндан қўзғалгач, бирдан бош оғриб қолиши доим ҳам физиологик ҳолат бўлавермайди. Бу кўпинча уйқуга тўймаслик, хуррак сабабли уйқу бузилиши депрессия ёки сиртли ичимлик оқибати бўлиши мумкин. Баъзида бу ҳолат жиддий безовталиклардан дарак бериши мумкин. 

Эрталабки бош оғриғини вужудга келтирувчи кўпгина омиллар бир-бири билан боғлиқ бўлади. шу сабабли аввало шифокор кўригига бориш талаб этилади.

Артериал қон босими баланд бўлганида ёки тўсатдан кўтарилса, бош оғрийди. Аслида, эрталаб қон босими кундузгига қараганда баландроқ бўлади. Агар сизга гипертония ташхиси қўйилган бўлса, бош оғриғи касаллик хуружи аломати бўлиши мумкин. 

Тонгда бош оғришининг яна бир сабаби – бу глаукома. Бунда бош оғриғи билан биргаликда кўзларда ҳам нохушлик кузатилади. Шунингдек, фаол тери ажралиши, кўнгил айниши ҳам юзага келиши мумкин. 

Бош мияда ўсимта юзага келган бўлса ҳам эрталаб бош оғриши мумкин. Бироқ ўсимта ўзи ҳақида бошқа белгилар билан ҳам аёнлик беради: ҳолсизлик, сурункали чарчоқ, кўнгил айниши, ҳушдан кетиш. 

Тавсия: Тонгда бош оғриши тез-тез такрорланаётган бўлса, шифокор кўригидан ўтинг. Агар бу бирор хасталик аломати бўлмаса, эрталаб нонушта қилишдан олдин 1 стакан илиқ сувга яримта лимон шарбати (истасангиз асал қўшишингиз мумкин)ни аралаштириб, оз-оздан ичинг. Лимонли сув организмни тетиклаштириб, қон айланиши ва метаболизмни яхшилайди. 

Бошқа янгиликлар