АсосийDunyo

БМТ котиби ташкилотнинг молиявий ресурслари тугаб бораётганини маълум қилди

'БМТ котиби ташкилотнинг молиявий ресурслари тугаб бораётганини маълум қилди'ning rasmi

БМТ котиби Антонио Гутериш ташкилотнинг молиявий ресурслари тугаб бораётганини маълум қилди. Бу ҳақда Ntdtv.ru нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, айни дамда ташкилотга аъзо 193 давлатдан фақат 129 тасигина бу йил учун бадал тўловларини амалга оширган. Келиб тушган умумий маблағ миқдори эса икки миллиард АҚШ долларини ташкил этган. БМТнинг йиллик бюджети эса 3,3 млрд.долларни ташкил қилади. Бош котиб сўзларига кўра, бу ойда ташкилот сўнгги ўн йилликдаги энг чуқур инқирозга дуч келмоқда. Бунинг натижасида тинчликпарварлик операцияларига пул маблағлари заҳирасини ёпиш ва ноябрь ойи учун ходимларга иш ҳақи тўлаш масалаларида етишмовчилик кузатилиш хавфи юзага келмоқда.   Маблағ етишмовчилиги ортидан сентябрь ойида ташкилот ходимлари фақатгина ўта муҳим ва долзарб бўлган хизмат сафарларига борган. Бир қатор учрашувларни ортга суришга ёки бўлмасам мутлақо бекор қилишга тўғри келган. Бу эса БМТнинг кўплаб режалаштирган операцияларига ўз таъсирини ўтказмоқда.

"Бизнинг ишимиз ва ислоҳотларимиз айни дамда хавф остида. 2020 йил учун дастур бўйича таклифларни тақдим этар эканман, сизни тўловларни ўз вақтида тўлашга чақираман ва буни амалга оширган аъзо давлатларга эса миннатдорчилик билдираман",– дея таъкидлади Антонио Гутериш. 

АҚШ БМТнинг энг йирик донори бўлиб ҳисобланади. Расмий Вашингтон ташкилот умумий бюджетининг 22 %ни тўлайди. Қўшма Штатлар ўтган йиллар учун 380млн.доллар ва бу йил учун эса 670млн.доллар  қарздор. Президент Дональд Трамп АҚШнинг ҳиссаси ҳаддан ташқари юқори эканлигини таъкидлаб, халқаро ташкилотни ислоҳ қилишга чақирмоқда.

    Бошқа янгиликлар