Дам олиш кунлари Японияга ёпирилган "Хагибис" тўфони оқибатида Фукусима АЭС да радиоактив чиқиндилар йўқолганлиги айтилмоқда. Бу ҳақда Arirang news нашри хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, 2011 йили Японияда кузатилган кучли цунами натижасида "Фукусима-дайити" АЭСда фожеа рўй берган эди. Ушбу фожеа оқибатларини бартараф этиш жараёнида катта миқдордаги радиоактив чиқиндилар тўпланиб, махсус қопларда сақланаётган эди. "Хагибис" тўфони оқибатида келиб чиққан сув тошқинлари натижасида эса ушбу радиоактив чиқиндиларнинг бир қисми йўқолганлиги маълум бўлди.
NHK каналининг Фукусима префектураси Тамура шаҳри маъмурияти маълумотларига асосан хабар беришича, чиқинди тўла қоплар яқин атрофдаги дарёга оқиб кетган ва уларнинг Тинч океанига бориб тушиш хавфи жуда юқори. Тамура шаҳрида радиоактив чиқиндилар сақланувчи 95 та махсус омборхоналар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти тошқинлардан зарар кўрган. Расмий маълумотларга кўра, тўфон натижасида 200 дан ортиқ дарёлар қирғоқаридан тошиб чиққан. 66 та ҳудудда тўғонлар бузилиши оқибатида катта ҳудудлар сув остида қолган. Кучли ёғингарчилик ва сув тошқинлари сабабли бутун мамлакат бўйлаб, 148 та кўчкилар рўй берган.