Sevimli

Миржалол Қосимов: Хитой - интизомли жамоа. Аммо биз уни мағлуб этамиз

СПОРТ 13.01.2015, 16:25
Миржалол Қосимов: Хитой - интизомли жамоа. Аммо биз уни мағлуб этамиз

Хитой - Ўзбекистон учрашуви олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирокида бўладиган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Хабар қилишларича, Хитойдан Австралияга 100 дан ошиқ журналист келган. 

Бироқ шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозим, Миржалол Қосимов ва Одил Аҳмедов иштирокидаги матбуот анжумани бошланиши олдидан қизиқ ҳолат юзага келди. Кутилмаганда хитойлик журналистлар матбуот анжуманидан чиқиб кетдилар. Хитой терма жамоаси вакиллари билан бўлиб ўтган савол-жавоб якунига етгач, кўплаб хитойликлар залдан чиқиб кетдилар. Афтидан Хитой матбуотига Ўзбекистон терма жамоаси фикри қизиқарли эмас, шекилли...

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозим, Хитой терма жамоаси гуруҳдаги дастлабки учрашувни ҳам Брисбен шаҳрида ўтказган. Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса биринчи турда Сиднейда майдонга тушиб, сўнгра Брисбен томон йўлга чиққан.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов ва ярим ҳимоячи Одил Аҳмедов матбуот анжумани залига кириб келгач, мулоқотнинг иккинчи қисми бошланди. Дастлаб мураббий ва футболчидан эртага бўладиган ўйин ҳақида фикрлари сўралди.

Миржалол Қосимов: Эртага бизни яхши ўйин кутиб тургани аниқ. Чунки биз ҳам, рақиб ҳам биринчи турда бир хил ҳисобда ғалабага эришганмиз. Шундай экан, ўйин анча қизиқарли кечиши аниқ. Биз Хитойни енгиб, гуруҳдан чиқиш имкониятини янада яхшилашни мақсад қилганмиз. Хитой яхши жамоа, аммо биз ғалаба учун майдонга тушамиз.
Одил Аҳмедов: Мураббийимиз фикрига қўшиламан. Хитой ҳақиқатан ҳам кучли жамоа. Аммо биз эртага ҳамжиҳатлик билан ўйин олиб бориб, рақибни мағлубиятга учратамиз. Бунга кучимиз етади.

Хитойлик журналист:
Ўзбекистон терма жамоасидаги уч нафар футболчи Хитой чемпионатида ўйнаган. Бири ҳамон ўйнамоқда. Улардан Хитой ҳақида маълумот олдингизми?
Албатта биз Хитой билан яхши таниш бўлган футболчилар билан суҳбатда бўлдик ва бу суҳбат жамоамизга етарлича ёрдам беради,деб ўйлайман.

Азизхон Акбаров, www.uff.uz журналисти:
Хитой бошқа спорт турларидан кучли. Аммо футболда юқори савияга чиқа олмаяпти. Нима деб ўйлайсиз, Хитой ўз савиясини ошира оладими?
Хитой терма жамоаси ўсишда давом этмоқда. Йил ўтган сари рақиб ўйини ҳам ўсиб бормоқда. Аммо эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди.

Австралиялик журналист:
Саволим Одил Аҳмедовга: Қатардаги Осиё Кубогида Австралиядан йирик ҳисобда мағлубиятга учраган эдингиз. Бу мағлубият ҳозирги ўйинингизга таъсир ўтказадими? Гуруҳдан чиқсангиз яна Австралия билан тушишингиз мумкин. Бу борада нима дея оласиз?
Одил Аҳмедов: Бу тарихга айланган ўйин. Биз асосий мақсад сифатида гуруҳдан чиқишга қарамоқдамиз. Агарда буни уддалай олсак ва Австралияга қарши майдонга тушсак, бу сафар бошқача ўйин бўлиши аниқ.

Ахадхон Абдуҳамитов:
Хитой терма жамоаси биринчи турда ҳам Брисбенда ўйнаган. Бу рақибга қандай устунлик бериши мумкин? Иккинчи савол Одил Аҳмедовга. Сиз Хитойга қарши аввал ҳам ўйнагансиз. 2011 йилдаги Хитой билан ҳозирги Хитой ҳақида нима дея оласиз?
Миржалол Қосимов: Мен бу борада ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман. Жамоамиз яхши тайёргарликка эга ва рақибга қарши тўлиқ куч билан ўйнашга тайёр.
Одил Аҳмедов: Мен ҳозирги Хитой ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Чунки ўйинларини кузатиб бормаганман. Аммо ҳамма терма жамоалар ҳам ўсишда давом этмоқда ва Хитой ҳам бошқача бўлгани аниқ. Эртага бўладиган ўйин ҳаммасини кўрсатиб беради.

Хитойлик журналист:
Одил Аҳмедовдан шуни сўрамоқчи эдим. Сиз биринчи ўйинда яхши тайёр эмасдингиз. Энди анча тикланишга муваффақ бўлдингиз ва ўйинингиз кучаядими? Миржалол Қосимовга: Хитой таркибида қайси ўйинчини ажратиб кўрсата оласиз?
Одил Аҳмедов: Биринчи ўйинда қийин бўлиши аниқ эди. Аслида ҳар доим ҳам илк ўйин оғир кечади. Аммо мен анча яхши ҳолатдаман ва иккинчи ўйинда бор кучимни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Ўйиндан ўйинга кучайиб бораверамиз, деб ўйлайман.
Миржалол Қосимов: Тўғрисини айтсам, бирор футболчини ажратиб кўрсатмаган бўлардим. Чунки Хитой ҳар доим жамоавий ўйин намойиш этиб келган. Фақат шуни айтишим мумкинки, рақиб таркибида 10-рақамли футболчи анча кучли. Шунингдек қанот ҳимоячилари ва дарвозабон яхши ўйин намойиш қилади. Хитойнинг ажралиб турадиган жиҳати - уларда интизом анча кучли. Аммо биз рақибни мағлубиятга учратишга тайёрмиз.

Шу билан матбуот анжумани якунига етди. Ҳаммаси эртага бўладиган ўйинда ҳал бўлади.

Манба: www.uff.uz

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+18.97° небольшая облачность
Валюта курси
11045.25
USD -17.76
11832.78
EUR 23.02
176.65
RUB -20.82
1